O'zLiDeP депутатлари 98 ёшли уруш фахрийси ҳолидан хабар олишди

07.05.2020, 17:31

O'zLiDeP депутатлари 98 ёшли уруш фахрийси ҳолидан хабар олишди

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан касбилик қарийб юз ёшни қоралаб қолган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мирза бобо Жўраевни йўқлаб, унинг хонадонига O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, Қарши шаҳар Кенгаши депутати Орзиқул Шеров, партия Касби туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жўра Қоржобов ва депутат Бобоназар Сатторовлар боришди. Депутатларга Касби тумани ҳокими ўринбосари Мансур Амиров ҳамроҳлик қилди.

Бинобарин, бугунги дориламон кунлар қадри қанчалик баланд бўлса, тинчлик учун жон олиб, жон берган Мирза бобо каби кексаларни қадрлаш ҳам шунчалик муҳимдир. Шу куни отахонга юксак эҳтиром кўрсатилди, саломатлиги, яшаш шароитлари ўрганилди. Энг муҳими, ёши улуғ инсоннинг олтинданда қиммат дуоси олинди.

Мирза Бобо 1942-1943 йилларда иккинчи жаҳон урушида Смоленск ва Сталинград фронтида фашистларга қарши жангларда иштирок этган. Қақшатқич жангларнинг бирида ўнг елкасидан жароҳат олган. 1943 йилда юртига қайтгач, ўқитувчилик касбини давом эттирди, сиртдан олий ўқув юртида ўқиди. Шу тариқа у 60 йил ёшларга бошланғич таълим фанидан сабоқ берди.

Отахон уруш йиллари ҳақида гапиришни истамайди. У кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин дейди. Бугунги тинч ва фаровон кунларга шукрона келтиришдан эса сира чарчамайди. У қўлини дуога очар экан, юртимизга кириб келган бало-қазолардан тезроқ холос бўлайлик, дейди.

Мирза бобо Зиёда момо Абдиева (марҳум) билан 4 ўғил, 3 қизни тарбиялаб вояга етказишди. Невара-чеваралари 100 нафардан ошиб кетган. Бобо эгизак набиралар – Ҳасан ва Зуҳрани бир кун кўрмаса соғиниб қолади. Набиралар ҳам бобоси ҳурматини жойига қўйишади.

“Тўшак етмай тўнин тўшайди ўзбек” деганларидек, фарзандлар ва набиралар ҳовлига келишганида уйга сиғмай кетишади. Бундан Мирза бобо жуда қувонади, “шуларнинг ҳаммаси менинг авлодим” деб уларни бағрига босади.

Шундай пиру бадавлат кексаларимиз бор экан, юртимизга қут-барака иниб келаверади. Ахир “қарринг бор, бараканг бор” деб бежиз айтилмаган-да.

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    745
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+