O'zLiDeP вакиллари сардобаликларнинг томорқасига кўчатлар етказиб, экинлар экишга кўмаклашяпти

07.05.2020, 21:32

O'zLiDeP вакиллари сардобаликларнинг томорқасига кўчатлар етказиб, экинлар экишга кўмаклашяпти

Хабарингиз бор, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.

Ҳозирги кунда бу талофатдан жабр кўрган оилаларни қўллаб-қувватлаш, зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, айниқса, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари ва иш билан таъминлаш бўйича муҳим ва тезкор чоралар кўрилмоқда. Зеро, бундай оғир шароитда юртдошларимизга ҳар томонлама мадад бўлиш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Шу маънода Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʻzLiDeP фракцияси раҳбари А.Хаитов бошчилигида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ҳамда аҳоли томорқаларини қайта сердаромад экин майдонларига айлантиришга қаратилган эзгу ишларда фаол иштирок этмоқда.

Хусусан, Сардоба туманидаги “Отайўл”, “Янгиқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли томорқаларига Сурхондарёдан олиб келинган 60 минг тупдан зиёд помидор, булғор қалампири, қалампир ва бақлажон каби кўчатлар аҳоли томорқаларига экиб берилди. Айни чоғда Фарғона, Сурхондарё вилоятларидан жўнатилган 200 минг туп, Андижон вилоятидан жўнатилган 120 минг туп помидор, булғор, қалампири, қалампир ҳамда бақлажон кўчатлари туманнинг  “Ровот”, “Бўстон”, “Зомин”, “Бирлашган”, “Пахтакор” маҳаллаларининг аҳолиси томорқалари ва экин майдонларида экиляпти.  

Шу билан бирга Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан  эълон қилинган “O'zLiDePнинг инсонпарварлик карвони” акцияси доирасида ёрдамга, кўмакка муҳтож фуқароларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилаётир.

Умуман олганда, шу қисқа вақтда вилоятлар, аҳолимиз томонидан Сирдарёга ёрдам бериш учун катта миқдордаги ҳомийлик маблағлари ўтказилди, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва рўзғор буюмлари юборилди. Бу каби саховатли ишлар бир зум бўлсада, тўхтагани йўқ, изчил давом этмоқда.

                                               Дилором ЭСОНОВА,

                            O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1127
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+