Андижонда картошка етиштириш ишлари қизғин паллага кирди

08.05.2020, 12:53

Андижонда картошка етиштириш ишлари қизғин паллага кирди

Айни кунда халқимиз синовли кунлар қаршисида турибди. Короновирус пандемиясининг бутун дунёга солиб турган хавфи мамлакатмизни ҳам четлаб ўтмади. Машаққатли палладамиз. Бундай вазиятда аҳолига елкадош бўлиш, турли соҳта ваҳима, саросималардан халқни халос қилиш олий мақсадимиз.

Маълумки, карантин бошланган илк кунлардан аҳолида озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги келиб чиқиши тўғрисида турфа фикрлар шаклланди. Албатта, бу нотўғри. Ўзбекистон ерлари унумдор. Деҳқонлари миришкор. Ер тилини тушунадиган фермерларнинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур масалада муаммо туғилмаслиги аниқ.

Андижон тупроғи азалдан унумдорлиги билан ном қозонган. Биргина картошка етиштириш юзасидан ўрганишлар олиб борилганда, бу фикр ўзини оқлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 апрелдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда деҳқор хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида серҳосил  ва юқори даромад берадиган  қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан, картошка экиш ишлари жадаллик билан олиб борилди. Бу борада серҳосил, тезпишар ва экспортбоп навларини етиштиришга алоҳида аҳамият берилгани бежиз эмас.

Албатта, туманларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига ихтисослашуви инобатга олинди. Жумладан, 2020 йилда картошка экиш ишлари аҳоли хонадонларида иссиқхоналар ташкил этиш, суғориш қудуқларини қазиш, кам таъминланган оилаларга салоҳиятли фермер хўжаликларини бириктириш ишлари “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида амалга оширилмоқда. Масалан, картошкани энг кўп етиштириш бўйича тупроқ ҳолати, унумдорлиги ҳисобга олинган ҳолда жорий йилда Шаҳрихон тумани энг катта кўрсаткични ташкил қилмоқда. Яъни, тумандаги 1816 та хонадон томонидан жами 105 гектар ер майдонига картошка экилди.

Ҳозирги кунга қадар вилоятда мавжуд 477 минг 374 та деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 2770 гектар ер майдонига картошка экиш ишлари якунига етказилди. Бу дегани, эртанги мўл ҳосил, халқ дастурхони тўкинлиги деганидир.

Аммо бу борада ҳам мавжуд муаммоларни бартараф қилиш зарурлигини қайд этиш керак. Масалан, картошка нархларини сунъий ошириб олишга сабаб бўлаётган омиллар, аввало. нимада? Албатта, унга бўлган талабнинг юқоридалигида. Демак, бу маҳсулотнинг етиштирилиш ҳажмини тезкор суръатда ошириш жоиз.

Юқорида энг кўп картошка етиштираётган туман кўрсаткичини кўрсатдик. Бу кўрсаткич Олтинкўл, Андижон, Асака туманларида нисбатан пастлигини ҳисобга олиб ва айни вазиятдан келиб чиқиб, бу ерлардаги ихтисослашувни картошкачиликка алмаштириб туриш мақсадга мувофиқ бўларди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори картошкачиликни кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Боиси мазкур ҳужжат билан Ўзбекистонда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилиб, туманлар ҳамда ҳудудлар картошка етиштиришга ихтисослаштирилади.

Эндиликда миришкорларимиз ерга картошканинг тезпишар, унумдор, табиат инжиқликларига чидамли навларини экиб, ҳосил олиш жараёнини 2-3 мартагача кўпайтира олса, бу йўналишдаги танқислик умуман кузатилмаслигига эришамиз. Зеро, мазкур қарор билан картошкачилик соҳасига оид бир қатор янгилик ва имтиёзлар жорий этилаётир.  

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    299
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+