Аччиқ синовлар сабоқ чиқаришга ва янада бардошли бўлишга ундамоқда

08.05.2020, 13:08

Аччиқ синовлар сабоқ чиқаришга ва янада бардошли бўлишга ундамоқда

Халқимиз саховат, меҳр-оқибат борасида бошқа элларга намуна бўлишга арзийди. Инсоний фазилатлар қондан-қонга, жондан-жонга ўтиб абадийлик касб этиб бормоқда. Коронавирус пандемияси хавфи, Бухородаги азият, энди эса Сирдарёнинг кўз ёшлари... Барчаси машаққатларда тобланишга, синовлардан хулоса чиқаришга ва албатта, янада сабр-бардошли бўлишга чақиради, халқимизни.

 Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Уларнинг барчасига биринчи даражали зарур шароитлар яратилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказилмоқда.

Аммо уй-жойсиз, кийим-кечаксиз, озиқ-овқатсиз минглаб фуқаролар меҳр-шафқатга муҳтож. Бу ҳолатни кўз олдингизга келтиришнинг ўзи даҳшат! Айни вақтда сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси ишламоқда. Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш бўйича барча масалалар давлатимиз эътибор марказида.

Албатта, бу ҳудудлардаги одамларнинг ҳаётини нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки уни янада яхшилаш, уларга янги уй-жойлар, ижтимоий объектлар барпо этиб, янги иш ўринлари яратиш ишларида эндиликда барчамиз бир  бўлиб, бир елкадан бош чиқариб меҳнат қиламиз.

Айни вақтда уй-жойларидан, бор-будидан айрилган оилалар, инсонларнинг дардини ҳис қилиш мушкул, аммо меҳрибон халқимиз, саховатпеша давлатимиз улардан ўз хайр-эхсонларини аямаяпти. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам имкониятдан келиб чиқиб кўмак беришга интилаётганини бугун ҳар қадамдаги хайрия карвонлари мисолида билиш мумкин. Энг муҳими, бугун уларни ёлғизлатмаслик!

Бизнинг олий мақсадимиз ҳам халқнинг қувончу ташвишида елкадошлик экан, синовли кунларда бу борада намуна мактабини яратайлик.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    597
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+