Андижонлик O'zLiDeP депутати эҳтиёжманд 30 та оилани ӯз ҳимоясига олди

11.05.2020, 16:52

Андижонлик O'zLiDeP депутати эҳтиёжманд 30 та оилани ӯз ҳимоясига олди

Марғубахон Абдуллаева Андижон шаҳрининг “Боғи Эрам” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилади. Ногиронлик уни эркин юра олиш қобилиятидан айирганига йиллар бўлди. Боқувчиси йўқ аёлдан хали у қўшни, хали бу қўшни хабар олади. Инсон ҳаёти, қадр-қимматини устун биладиган халқимиз Марғубахон Абдуллаева сингари меҳрга муҳтожларни аро йўлда ташлаб қўймайди. Айниқса, бугунги пандемия даврида бу масала депутатлари диққат марказидаги вазифага айланди.

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Раънохон Саттарова ҳамда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамкорликда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Андижон шаҳридаги қатор маҳаллаларда яшовчи имконияти чекланган, эътиборга муҳтожлар ҳолидан хабар олдилар. Илк манзил юқоридаги фуқаро хонадони бўлди. 1 ярим миллион сўм маблағи бор пластик карта берилганида М. Абдуллаеванинг кўзларида ёш қалқди. Узоқ қилинган дуодан куч олган масъуллар хайрли ишни давом эттирдилар.

20 ёшли Ойдиной Эргашева “Пистамозор” маҳалласида 187-уйда 10-синфда таълим оладиган синглиси билан бирга яшайди. Ота-онаси вафотидан кейин опа-сингиллар ёлғиз қолишди. Депутат эътиборни шу хонадонга қаратгани бежиз эмас. Мебеллар тўплами ва тикув машинаси ҳадя қилинди. Бу билан қизларнинг бандлиги таъминланди.

Саноат маҳалласи 18-хонадонда истиқомат қилувчи Шавкатбек Яқубов туғма имконияти чекланган. Фуқарога ногиронлик аравачаси жуда зарур. хонадонга ташрифдан мақсад айни масалада унга ёрдам бериш бўлди. Зарурий жиҳоздан боши кўкка етган фуқаронинг қувончи депутатни ҳам мамнун этди.

Хайрли ишларнинг давоми Намуна маҳаллсининг 30 хонадонига хурсандчилик олиб кирди. Ҳудуддаги мазкур оилаларга моддий амалий ёрдам керак. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғизларга депутат томонидан тайёрланган “Саховат ва кўмак” қутилари берилди.

Депутат фидойи бўлиши керак. Атрофидаги ҳар бир воқеликка теран боқишни, ишонч билдирганларга муносиб жавоб қайтаришни билиши зарур. Раънохон Саттаровани бежиз партия депутатлик гуруҳи раҳбари этиб сайламадилар. Ўзига билдирилган ишончга олий мақсадлари йўлидаги мана шундай амалий ишлари билан жавоб қайтараётган депутатдан бугун нафақат сайловчилари, балки вилоят аҳли ҳам мамнун.

Зилола Раҳмонова

  • Кўрилди
    853
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+