Тараққиётимизнинг янги даври “Туризм тўғрисида”ги Қонунни янада такомиллаштиришни тақозо этади

10.01.2018, 19:04

Тараққиётимизнинг янги даври “Туризм тўғрисида”ги Қонунни янада такомиллаштиришни тақозо этади

Бугунги кунда миллий иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бири бу –  туризм. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам туризмга миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатдан, хорижий давлатлар иқтисодиётини ўрганар эканмиз, туризмнинг мамлакат учун сердаромад соҳа эканини кўрамиз. Шу сабабдан ҳам, давлатимиз раҳбари бу масалани ҳам ўз қўлига олиб, депутатларга мурожаат қилди.

Таъкидлаш керак, юртимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Зеро, маданий мерос объектларимизнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Шундай экан, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш масканлари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишларни очиш мақсадга мувофиқ. Соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризмни ва соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш зарур.

Таъкидлаш жоиз, соҳани ривожлантиришда янги механизмларни киритиш борасида  2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашлар ташкил этилди.

Эндиликда туристлар учун хизмат кўрсатиш, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, дам олиш, муҳофаза қилиш масалалари янада такомиллаштирилади.

Шунингдек, рухсат олиш (лицензия) тартиби ва зарур бўладиган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда белгиланиши, кузатиб бориш тизими йўлга қўйилгани тадбиркорлик субъектлари учун жуда катта қулайликлар яратмоқда. Бундан ташқари,  ҳукумат порталининг “Электрон лицензиялаш” саҳифаси орқали лицензиялар реестри юритилиши ва лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни электрон кўринишда топшириш тизими фаоллаштирилди. Туроператор ва меҳмонхона хизматларини сертификатлаштириш тартиби асосида туристларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Маълумот учун, 276 та ташкилот, шу жумладан, 140 та жойлаштириш воситалари ва 136 та туроператорларга енгилликлар яратилди. Сертификатлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO) талаблари билан мувофиқлаштириш ва меҳмонхоналар хизмати сифатини янада ошириш бўйича қўмита фаолиятининг қайта тиклангани туристларга сифатли хизмат кўрсатиш ва уларнинг оқимини кўпайтириш имконини беради.

Парламент сўровига мувофиқ, 24 соат фаолият юритадиган маълумот марказининг ишга туширилгани мамлакатимизга хориждан келган сайёҳларнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда зарур маълумотларни тезкор олишида ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда, айтиш жоизки, бундай маълумотлар базасига туристлар учун қулай бўлган овқатланиш, жойлаштириш, меҳмонхона хизматларининг арзон ва қулай маълумотларини киритиш лозим. Бундай креатив ёндашув, аэропортдан бошланиши муҳим аҳамиятга эга.  

Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги Қонунини янги таҳрирда қабул қилиш заруратини келтириб чиқармоқда. Чунки мукаммал қонунлар ҳар бир соҳанинг ривожланиши учун кафолатдир.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1664
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+