Спикер ўринбосари Қашқадарё вилоятидаги томорқа эгаларининг фаолияти билан танишди

16.05.2020, 03:36

Спикер ўринбосари Қашқадарё вилоятидаги томорқа  эгаларининг фаолияти билан танишди

“Ери бойнинг эли бой”, дейди халқимиз. Ҳар бир хонадоннинг қут-баракали бўлиши, одамларимизнинг ўз турмушидан рози ва мамнун яшаши учун эса албатта, ерни увол қилмай, ундан унумли фойдаланиш зарур. Токи, ернинг умри зое кетмасин, бозорларимиздаги файзу баракага путур етмасин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш ва баҳорги экин экиш ҳолатини ўрганиш мақсадида Қашқадарё вилоятида бўлишди.  

Халқ вакиллари воҳадаги учрашувларини Нишон туманидан бошлади. Партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан бўлиб ўтган мулоқотда парламент қуйи палатасида деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, шунингдек ерлардан самарали фойдаланаётган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қатор ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида маълумотлар берилди.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида партия фаоллари иссиқхона барпо этиш, турли озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ўз томорқасидан бошлашса, халқ уларга эргашиши мумкинлиги қайд этилди. Маҳсулот етиштиришда қийинчиликларга дуч келаётган фуқароларга туманларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлари экинларни экиш, маҳсулотни йиғиб олиш ва уни сотиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатаётгани айтиб ўтилди.  

Ишчи гуруҳ аъзоларининг учрашувлари тумандаги “Нишон” МФЙда давом этди. Бу ерда улар хонадонма-хонадон юриб, аҳоли томорқаларида ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти билан танишди. 

Шу маҳаллада яшовчи Қувват Бозоров томорқадан самарали фойдаланиш ҳадисини олган. У 12 сотихлик томорқасидан йилига 3 маротаба ҳосил олади. Ҳозир 3 сотих майдондаги картошкани йиғиштириб олиб, ўрнига помидор эккан. Уч сотих майдонда уруғлик пиёз, яна шунча ерда экилган қовун ва тарвуз ниҳоллари барг ёзиб турибди.

Депутатлар бу ерда етиштирилаётган маҳсулотларни кўздан кечирар экан, бундай ибратли томорқачиларни рағбарлантириш лозимлигини таъкидлади.

“Нишон”лик Сероб Жониевнинг томорқаси эса афсуски, қаровсиз ётибди. Ер ҳатто чопиқ ҳам қилинмаган. Ваҳоланки, ер тайёрлаш ишлари одатда кўклам келишидан аввалроқ бошланади. Шу боис арзимаган баҳоналарга ўзини ишонтираётган хонадон эгаси огоҳлантирилди.

Дилором Жўраеванинг ўғлига тегишли ернинг ярмига картошка экилган. Бироқ қолган майдоннинг қаровсизлиги кўнгилни хира қилади.  Фуқарога туман ҳокимлиги томонидан бўш турган ерга иссиқхона қуриб бериш тавсия этилди.

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    892
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+