O‘zLiDeP фракцияси Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида 50 дан зиёд аниқ вазифаларни белгилаб олди

11.01.2018, 12:14

O‘zLiDeP фракцияси Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида 50 дан зиёд аниқ вазифаларни белгилаб олди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш бўйича партия ва унинг фракцияси томонидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар режасини атрофлича муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, тарихий аҳамиятга эга бўлган Мурожаатнома битта мақсад йўлида барча кучларни бирлаштириш, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилашга сафарбар қилиш характерига эгалиги билан нафақат парламент вакилларини балки, бутун халқимизни, халқаро экспертларни ҳам бефарқ қолдирмади. Мурожаатномада давлат ва жамиятимизнинг барча соҳалари холисона, чуқур таҳлил қилиниб, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар батафсил ёритилди ва келгусидаги аниқ вазифалар белгиланди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси томондан комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда 50 дан зиёд долзарб ва муҳим масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ механизмлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепцияни қабул қилиш, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш, «Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқишда аниқ таклифлар билан қатнашиш ҳамда унинг самарали ижро этилишини таъминлашда фаол иштирок этиш, бу борада қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш ҳамда қабул қилинаётган қонунларни такомиллаштиришда аниқ таклифлар билан фаол қатнашиш фракция олдида турган муҳим вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидланди. Қолаверса, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишга доир қонунчиликни инвентаризациядан ўтказиш ва натижаси бўйича текширишларни қисқартиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, ҳудудларда тадбиркорлик ва инвестицион муҳитни ўрганиш юзасидан тизимли назорат-таҳлил фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилга «Фаол тадбир-корлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилди. Табиийки, бу борада белгиланган устувор вазифалар ва унинг ижросини таъминлашда партия ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан эндиликда барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш икки йилга тўхтатилиши мамлакатимизда қулай ишбилармонлик муҳитини янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур мурожаатида илгари сурилган ғоялар ва ташаббуслар албатта партиямиз ва унинг депутатлар корпуси олдига жуда катта вазифалар юклайди. Бунда энг асосий эътиборни тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, улар олдидаги мавжуд барча тўсиқларни бартараф этишга, қулай инвестиция муҳитини яратишга, бизнес соҳасидаги солиқларни сезиларли равишда қисқартирилишига, кредит олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратишимиз зарур. Бу вазифалар ичида янгиликка интилувчи фаол тадбиркорларнинг янги авлодини шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Депутатлар томонидан бу борада аниқ қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш устувор вазифалардан бири эканлиги қизғин муҳокама қилинди. Хусусан, бу йўналишда партиянинг барча бўғинлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, «Инновацион фаолият тўғрисида»ги, «Венчур тадбиркорлиги тўғрисида»ги ҳамда «Технологик парклар (технопарклар) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мажлисда шунингдек, парламент, депутатлар ва Сенат аъзолари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, Қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилгани мамлакатимиз парламенти фаоллигини, роли ва таъсирини ошишига, халқчил, ҳаётий қонунлар қабул қилишга, пировардида мамлакатимизнинг жадал тараққий этишига хизмат қилиши таъкидланди.

Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда энг қуйидан, яъни аҳолидан фикр, таклифлар олиш, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларини ҳам ушбу жараёнга фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини билдиришди. Тадбир якунида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича O‘zLiDeP ҳамда унинг парламент қуйи палатасидаги фракциясининг комлекс чора-тадбирлар режасини жойлардаги партия ташкилотларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида ҳамда электорат вакиллари билан кенг муҳокама қилиш ва таклифлар олиш ҳамда шу асосда уни такомиллаштиришга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида фракция ваколатига кирувчи бир қатор бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар юзасидан O‘zLiDeP фракциясининг аниқ позицияси белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+