Актам Хаитов: Ўзганинг маслаҳатига муҳтож эмасмиз

16.05.2020, 22:25

Актам Хаитов: Ўзганинг маслаҳатига муҳтож эмасмиз

Сўнгги икки-уч кунда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг “Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш тарафдорлари жуда оз” деган фикрлари ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Унинг даъволарини ҳаммамиз ўқидик, эшитдик.

М.Захарованинг Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш тартибини бузган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси бўйича билдирган фикрлари мустақил, суверен давлатнинг ички ишларига қўпол тарзда аралашувдан бошқа нарса эмас. Бошқача айтганда, унинг бу масала бўйича фикр билдириши умуман мантиққа тўғри келмайди. 

Нега деганда, истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди. Охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Қолаверса, хорижий мамлакатларда ҳам тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучайиб бормоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар  эса ўзбек тили равнақига хизмат қилаётир.

Бу ҳақда гапирганда кейинги йилларда она тилимиз ва миллий адабиётимизни улуғлаш, унинг бой хазинасини ёш авлодимизга етказиш мақсадида юзлаб боғчалар, мактаблар, олий ўқув юртлари, шунингдек, атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 Шу ўринда бир мулоҳаза. “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Лойиҳада давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши  назарда тутилмоқда.  

Жорий йилнинг 10 май кунига қадар regulation.gov.uz порталида муҳокама учун жойлаштирилган қонун лойиҳаси бўйича давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Бу ҳам фуқароларимизнинг фаоллашиб бораётганидан далолат, албатта. Аммо айрим кимсаларнинг нохолис ёндашувлари кишини ўйлантириб қўяди. Бу нохолислик эмасми?

Хўш, М.Захарованинг Мустақил Ўзбекистон қонунларига аралашишга ҳуқуқи борми? Нега улар бизнинг қонунларимизга қизиқиб қолишди? Ёки уни бу гапларни айтишга кимдир мажбур қилдими? Ахир бошқа давлатнинг ички ишига бу тарзда аралашиш халқаро ҳуқуқ нормалари ва ташқи сиёсат принципларига зидку? Нима Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили буни билмайдими?

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг парламентдаги фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳаси бўйича ўз позициясига эга. Зеро, бугун она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш бўйича олдимизда ўта муҳим вазифа турибди. Бу борада кимнингдир фикри ёки маслаҳатига муҳтож эмас.

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1825
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+