Оила фаровонлиги жамият фаровонлиги асосидир

16.05.2020, 23:19

Оила фаровонлиги жамият фаровонлиги  асосидир

15 май куни жаҳон миқёсида “Халқаро оилалар куни” нишонланади. Ушбу байрам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йил 20 сентябрдаги Халқаро оила йили тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам равишда нишонланиб келади.

 Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 15 май ҳар йили “Халқаро оила куни” сифатида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди. Зеро, ушбу санани нишонлашдан мақсад – жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдир.

Оила сўзи аслида араб тилида “аёлманд, ниёзманд” маъносини билдирувчи “оил” сўзидан келиб чиққани “Фарҳанги забони тожики”да қайд этилган. Оила “аёл” сўзи билан ўзакдош бўлиб, фарзандларни тарбиялаш, ёшлар маънавий ва жисмоний камолоти, уларни жипслаштириш, жамият иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлаш сингари муҳим вазифаларни бажаради.

Қадим даврлардан халқимизда ўзининг шахсий фаровонлигидан ҳам кўра оиласи шаънининг баланд тутилиши, қариндош-уруғлар, қўни-қўшниларга ғамхўрлик қилишнинг энг биринчи ўринга қўйилиши – олий даражадаги миллий қадрият ҳисобланган. Бу борада эса жамият ҳамда давлат интизомининг сарчашмаси бўлган оила интизомига алоҳида эътибор қаратилган.

Оиласида интизом туйғуси шакллантирилган кишилар жамият ва давлат ишидаям мана шу туйғу соҳиби сифатида хизмат қилади, давлатнинг адолатли қонунларига чап беришни бўлса хаёлига ҳам келтирмайди, ҳар бир ишни ўз жойида ўз вақтида бажаради. Бундай тартиб-интизом бутун халқ ва миллатнинг шарафига айланади.

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат “Оила ва оила бошқариш тартиблари” номли асарида шундай деб ёзган эди: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати, албатта, шу халқнинг ички интизоми ҳамда тотувлигига боғлиқдир. Тинчлик ва тотувлик бўлса шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабатлари кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунчалик даражада кучлироқ ва мунтазам бўлади”.

Бундан ҳозирги пандемик шароитдан чиқишда муҳтарам Президентимиз томонидан қатъий интизомнинг талаб этилиши ҳам ўзининг чуқур илдизларига эга эканлиги кўринади.

Ўз-ўзидан янада ойдинлашадики, оилавий тартиб-интизом масалалари унинг ҳуқуқий вазифаларини ҳам белгилаб беради. Бунда энг муҳими, оиланинг ҳар бир аъзосига хос ички тартиб-интизом маданияти, ўзининг бурчи, масъулиятини чуқур англаш даражаси ва оилавий муҳитда ўзининг ўрнини белгилай олиши, оилавий муносабатларни иззат-ҳурмат қила билиши, оила шаъни-шарафини юксак даражада шарафлаши, умуман, оилада ўзининг шахсий ҳузур-ҳаловатини ҳис қилиш учун ҳалол ва самимий бўлиши даркор.

Хулоса шуки, агарда ота-она, фарзанд, қўйингки, оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллаларда ҳам тинчлик ва ҳажиҳатликка эришилади. Маҳаллалар мустаҳкам бўлса, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Зеро, оила фаровонлиги жамият фаровонлиги асосидир.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1366
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+