Тўрт сотих томорқадан бир мавсумда 8 миллион сўм даромад олиш режалаштирилмоқда

20.05.2020, 14:24

Тўрт сотих томорқадан бир мавсумда 8 миллион сўм даромад олиш режалаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар ва соҳа масъуллари томорқа эгаларининг фаолияти билан танишиш ва экин экиш ҳолатини ўрганиш, ер эгаларининг даромадларини оширишга кўмаклашиш мақсадида Андижон вилоятида бўлишди. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида амалга оширилган бир қатор муҳим ташкилий тадбирлар ишчи гуруҳнинг диққат марказида бўлди. Ҳудудларда ўрганишлари давомида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга томорқадан фойдаланиш ва шу орқали оила даромадини ошириш бўйича тавсия ва амалий кўмаклар берилмоқда.

Муҳайёхон Тожибоева ёлғиз она. Асака тумани “Баҳрин” маҳалласидаги Ҳуррият кўчаси 72-уйда истиқомат қилади. Боқувчисини эрта йўқотгач, рўзғорнинг бор юкини елкасига олган аёл узум парваришига меҳр берган. Муқим иш жойи бўлмагач, бор эътиборини томорқасига қаратди. 4 сотихдан иборат томорқасида 30 туп узум, 2 туп ўрик, 3 туп гилос, 1 туп олма дарахтларидан олинаётган ҳосил оилага даромад олиб киришда асосий кўмакчи. 2,5 сотих узум қатор ораларида парваришланётган картошка экинлари рўзғорнинг бир томонини кўтаряпти.

Ўтган йилда томорқа эгасининг астойдил саъй-ҳаракатлари яхшигина киримга сабаб бўлди. Етиштирилган 1 тонна узумнинг 1 килограммини 3000 сўмдан харидорлар талашиб-тортишиб олишди. М.Тожибоева 3 миллион сўм даромадни ушбу йилда 8 миллион сўмга кўтариш режаси билан астойдил ҳаракат қилди. Қандай қилиб? 1,2 тонна узум, 500 килограмм картошка, 50 килограмм ўрик, 50 килограмм гилос ҳосилидан кўзланган даромад бу!

Парвариш қилинаётган 1 бош қорамолнинг сутга “кириши”га хали анча бор. Демак, айни вақтда хонадоннинг асосий даромади томорқа экинлари. Аммо меваларнинг пишиқчилиги ҳам бир зумда ўтади-кетади. Ерга совуқ тушиши билан оиланинг даромади йўқолиши табиий.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг томорқаларни ўрганиш ишлари Асака туманидаги мазкур ҳудудда давом этар экан, оила муаммоси эътиборни тортди. Демак, кўмак керак! Масъуллар фуқаронинг тортиниб айтолмаётган “дарди”ни яшаш шароитини ўрганиш асносида тез илғадилар. Имтиёзли кредит ҳисобига қуриб берилиши ваъда қилинган 1 сотихли иссиқхона оиланинг даромад манбаини ошириш мақсадини ўзида ифода этди.

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    914
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+