Тадбиркорлик фаолиятидаги барча тўсиқлар бартараф этилмоқда

20.05.2020, 17:37

Тадбиркорлик фаолиятидаги барча тўсиқлар бартараф этилмоқда

Куни кеча давлатимиз раҳбари тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди ва мазкур йиғилишда аҳолимиз, ва айниқса тадбиркорлик субьектлари учун жуда катта шароит ва имкониятлар яратилганини алоҳида таъкидлади.

Пандемия сабаб юртимизда эълон қилинган карантин шароитида кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолияти вақтинчалик тўхтатиб қўйилди. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқариш ҳажмини, давлатга тушадиган барча турдаги солиқ тушумларини, экспорт ва савдо-сотиқ борасидаги маблағларни сезиларли даражада тушиб кетишига сабаб бўлди ва иқтисодиётимизга маълум даражада ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади. 

Бу борада сўнгги икки ой давомида пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак ажратилди.

Мазкур қарор ва фармонларнинг ҳар бир банди ўз навбатида иқтисодиётимизни оёққа турғазиш, ушбу жараёнда катализатор вазифасини ўтайдиган тадбиркорлар ва ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга, жойларда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳолини иш билан таъминлаш орқали даромадларини оширишга, турмуш шароитимизни янада яхшилашга қаратилган ва бу қисқа фурсат ичида ўз натижасини кўрсатмоқда.

Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “...барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради”, – дея таъкидладилар.

Эндиликда жойлардаги тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилиб, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритилиши, Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиши таъкидланди.

Президентимиз йиғилишда тижорат банклари олдидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтиб, тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, кредит маблағларини тўғри йўналтириш ва вақтида ажратилиши орқали тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш  зарурлигини таъкидладилар.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқариш муҳитини янада ривожлантириш, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромадини ошириш, айрим ривожланган мамлакатлар инқирозга юз тутаётган бир пайтда юртимизнинг келажак истиқболи йўлидаги улкан қадамлардан биридир.

Биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам иқтисодиёт ва инвестиция комплекслари, сектор раҳбарлари билан бир қаторда, уларга елкама-елка туриб, жойлардаги сайловчиларимизга, ҳар бир тадбиркор ва фуқароларга ушбу имтиёзларнинг мазмун-моҳияти билан таништиришга, тадбиркорлар муаммоларини ўрганиб, янги иш бошлаш арафасидаги фуқароларимизни ушбу имтиёзлар асосида қўллаб-қувватлашга ва шу орқали чекка худудларда ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга, иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлидаги саъй ҳаракатларга муносиб ҳисса қўшишда бор кучимизни аямаймиз.

Абдулла Рузметов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O’zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    579
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Насирова Шаира Нармурадовна Кармана туман Кенгаши депутати2020-05-21 15:15:31

Ҳақиқатдан олиб борилаётган ислоҳотлар одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромадини ошириш, айрим ривожланган мамлакатлар инқирозга юз тутаётган бир пайтда юртимизнинг келажак истиқболи йўлидаги улкан қадамлардан биридир.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+