Бизнес вакиллари билан елкама-елка туриб ишламасак, тараққиётга эришишимиз қийин бўлади

20.05.2020, 21:18

Бизнес вакиллари билан елкама-елка туриб ишламасак, тараққиётга эришишимиз қийин бўлади

Коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш учун барча имкониятлар ишга солинаётгани боис, иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланмоқда.

Сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган 12 та фармон ва қарорлар натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.

Шу билан бир қаторда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

Куни кеча Президентимиз раислигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага яна бир маротаба тўхталиб, Республика комиссиясига соҳалар ва ҳудудлардаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, қолган 40 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳам босқичма-босқич рухсат бериш вазифасини қўйди.

Ҳақиқатдан ҳам пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Шу сабабли қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарур. Йиғилишда бу борадаги қўшимча чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама қилиниб, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари барча ҳокимларни огоҳлантириб, бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмаслигини, балки қонун олдида жавоб беришини таъкидлади. Мутасадди идораларга мулк дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкни компенсация қилиш бўйича тадбиркорлар фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Айтиш ўринлики, эндиликда Президентимиз топшириғига кўра, тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилади. Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб боради.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши натижасида сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, фотограф, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя.

Видеоселектор йиғилишида пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилгани, шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилгани қайд этилди.

Маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловларни олиб ташлаш кераклиги таъкидланди. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугунги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин тадбиркорларга фаолиятини давом эттириш учун қатор имтиёзлар берилмоқда. Бу энг тўғри йўлдир. Зеро, тадбиркорларни оёққа туриши учун кўмаклашмасак, одамларни ишбилармонликка ундамасак, тадбиркорга шароит яратиб, бизнес вакиллари билан елкама-елка туриб ишламасак, тараққиётга эришишимиз қийин бўлади. 

Актам ХАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    1121
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Насирова Шаира Нармурадовна Кармана туман Кенгаши депутати2020-05-21 15:10:58

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиш ҳолатлари бўлиши аниқ, лекин бизнинг жонкуяр, фидойи тадбиркорларимиз юртимизнинг ушбу қатламини қўллаб қувватлашда доим тайёр эканликлари ҳар жабҳада кўрини турибди.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+