Шаҳарсозлик кодексида жамоатчилик назорати субъектлари ва уларнинг ҳуқуқлари қай даражада ўз аксини топмоқда?

23.05.2020, 08:24

Шаҳарсозлик кодексида жамоатчилик назорати субъектлари ва уларнинг ҳуқуқлари қай даражада ўз аксини топмоқда?

Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда қизғин муҳокама этилаётган қонун ҳужжатларидан бири бу – Шаҳарсозлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасидир.

Кодекс лойиҳасида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати ўрнатилишининг акс этиши қувонарли, албатта. Боиси жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти ривожида коррупцион ҳолатларни бартараф этишда драйвер вазифасини бажариши сир эмас. Шу нуқтаи назардан қурилиш соҳасидан норозилик кайфияти тез-тез учраб турган ҳозирги шароитда жамоатчилик назорати субъектлари ва уларнинг ҳуқуқлари Кодекснинг янги таҳрири лойиҳасида етарли даражада акс этмоқдами?

Шу ўринда эътиборингизни Кодекснинг иккинчи ўқишга тайёрланган лойиҳасининг “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати субъектлари ва уларнинг ҳуқуқлари”, деб номланган 13-моддасига қаратмоқчиман.

Мазкур модданинг биринчи қисмида: “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назорати субъектлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролар ҳисобланади”, дейилган. Бу Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 3-моддаси биринчи қисмига мос. Лекин унинг иккинчи қисмида келтирилган жамоатчилик назорати субъектларига эътибор қаратилмаган. Шу боисдан лойиҳанинг 13-моддасини “Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин”, деган норма билан иккинчи қисм сифатида тўлдиришни таклиф этаман.

Шуни эслатмоқчиманки, Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги вариантининг 12-моддаси 1-қисмида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари” жамоатчилик назорати субъектлари қаторига киритилган. Негадир иккинчи ўқишга тайёрланаётганда улар олиб ташланган.

Энди лойиҳанинг 13-моддаси иккинчи қисми ҳақида. Унда “Жамоатчилик назорати субъектлари аҳоли пунктларининг бош режалари тўғрисида ишончли, тўлиқ ва ўз вақтида ахборот олишга ҳақли”, дейилади. Эътибор берилса, бу жойда жамоатчилик назорати фақат бош режа тўғрисида ахборот олиш билан чеклаб қўйилмоқда. Натижада мазкур модданинг 5-қисми билан жамоатчилик назорати субъектларига берилаётган ҳуқуқлар ҳам шунга мосланиб, саёзлаштирилган, яъни қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги 12-моддаси 3-қисмида жамоатчилик назорати субъектларига берилган асосий ҳуқуқлар олиб ташланган.

Жумладан, жамоатчилик назорати субъектларига лойиҳанинг биринчи ўқишдаги 12-моддаси 3-қисми 3-, 4-, 5-хатбошларида қуйидаги асосий ҳуқуқлар ҳам берилган эди:

3-хатбоши: корхоналар фаолиятини, шунингдек бошқа кўчмас мулк объектларидан фойдаланишни, башарти улардан фойдаланиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда амалга оширилаётган бўлса, маъмурий ёки суд тартибида чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тақиқлашни талаб қилиш;

4-хатбоши: шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги муносабати билан фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида судга даъво тақдим қилиш;

5-хатбоши: шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишни талаб қилиш.

Юқорида келтирилган учта ҳуқуқ ҳозирги пайтда энг муҳим жамотчилик назорати масаласи бўлгани учун ҳам 13-модданинг 5-қисмига 3-, 4-, 5-хатбоши сифатида тўлдиришни таклиф этаман. Акс ҳолда жамоатчилик назорати субъектлари аҳоли пунктларининг бош режасини кўриш билан чекланади ва бундай жамоатчилик назорати амалда кучли ва адолатли фуқаролик жамияти ривожига тўлақонли хизмат қила олмайди.

Ишонаманки, кодекс лойиҳаси ташаббускорлари мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, кодекснинг халқчил бўлишини таъминлайдилар.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    825
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+