Давлат ҳам, халқ ҳам бойисин-да!

23.05.2020, 08:31

Давлат ҳам, халқ  ҳам бойисин-да!

Юртимизда бугун томорқадан унумли фойдаланган ҳолда экин экиб, мева-сабзавотларни етиштириш ишлари янада илгарилади. Сабаби фуқароларимиз бу юмуш рўзғорини бутлаши билан бирга уни четга экспорт қилиб, мўмай даромад кўриш мумкинлигини англаб етди. Лекин экспорт қилиш ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта. Бунинг учун маҳсулотлар белгиланган сифат кўрсаткичларига эга ва хавфсиз бўлиши талаб этилади. Четдагилар ҳам айнан ана шу талаблардан келиб чиқиб, маҳсулотимизни сотиб олади.

Хўш, маҳсулотлар сифати қандай талабларга жавоб бериши керак? Улар қайси мезонлар асосида баҳоланади ва улар қай тарзда экспорт қилинади?

Давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ана шу саволларга жавоб бўладиган концепцияни амалга оширишда муҳим ҳужжат бўлди.

Унга кўра, республикада Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ маҳсулот ишлаб чиқариш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш тизимларини ривожлантириш, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини яхшилаш, экспорт географиясини кенгайтириш, шунингдек, мамлакатимизнинг органик маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланди.

Фармон билан эндиликда республикамизда органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожлантирилади ва бу борада концепция ишлаб чиқилиб, йўл харитаси тузилади. Ҳудудларда мевалар, полиз маҳсулотларимизни кўз-кўз қиладиган органик бозорлар ва ресторанлар ташкил этилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P) доирасидаги барча манфаатдор ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Унга қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

– барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлардан органик ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти (Global G.A.P) доирасидаги зарурий маълумотларни олиш;

– органик маҳсулот ва хом ашёларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, сотиш ва сертификатлаш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолиятининг эквивалентлигини баҳолаш ва авторизациялаш тизимини яратиш.

Эндиликда органик қишлоқ хўжалигига ўтказилган ер участкаларида экинларни жойлаштириш органик стандарт талабларини ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган алмашлаб экиш схемаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда экинларни жойлаштиришда давлат аралашувига йўл қўйилмайди.

Тўғри, бизда бундай маҳсулотларни етиштирадиган мутахассислар борми, дейишингиз мумкин. Шунинг учун ҳам органик қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, уларни сақлаш, уни қайта ишлашнинг миридан сиригача биладиган мутахассислар тайёрланади. Улар учун Тошкент давлат аграр университетида Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш йўналиши очилади ва талабаларни қабул қилиш 2021-2022 ўқув йилидан бошланади.

Мазкур йўналиш янги бўлгани боис, бу борадаги ишлар бир тизимга солиниши ва тегишлича қонун-қоидалар асосида юритилиши лозим. Айнан шунинг учун ҳам 2020 йил 1 октябрга қадар “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Энг муҳими, бу билан шуғулланадиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида органик ишлаб чиқариш ва мақбул қишлоқ хўжалиги амалиётини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади.

Яна бир муҳим янгилик – фармонда 2021 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот институтларида мавжуд лабораториялар замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши ва бирламчи органик уруғ етиштирувчи хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ташаббус бизнинг маҳсулотларимиз жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашида, ҳам халқимиз етиштираётган маҳсулотларнинг сифатини яхшилаб, ҳам уларнинг моддий манфаат кўришини таъминлайди.

Бугун ёппасига далаларда, иссиқхоналарда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришга ўтиляпти. Юртдошларимиз деҳқончиликнинг сирини пухта эгаллашга ҳаракат қилишяпти. Табиийки, бундай шароитда маҳсулотларнинг ҳажми кўпаяди. Аммо уни фақат ички бозорда паст нархда эмас, балки хорижга юқори нархда пуллаш ҳам муҳим. Бундан давлат ҳам, деҳқон ҳам бойийди. Бунинг учун эса юқорида айтилган талабларга жавоб берадиган маҳсулот етиштириш зарур. Мазкур ҳужжат айнан ана шу жиҳатдаги камчиликни тўлдиришга хизмат қилади.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+