Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай қулайлик яратилади?

25.05.2020, 10:37

Ногиронлиги бўлган шахсларга қандай  қулайлик яратилади?

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган 700 мингдан ортиқ шахс, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача бола ҳаёт кечирмоқда. Бу туғма ногиронликларнинг ҳам қайд этилиши ортиб боряпти, дегани. Шу сабабли уларнинг ҳимояси, ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофазаси учун қонуний ҳужжат зарур.

Тўғри, бу йўналишдаги меъёрий ҳужжатлар йўқ эмас. Фақат уларни янада такомиллаштириш, янги қулай мезонлар асосида ишлаб чиқиш керак. Хўш, бу борада аниқ таклифлар билдириляптими?

Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси айни мақсадларни ўзида ифода этаётир. Хўш, мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишга эҳтиёж борми? Ахир ўтган давр мобайнида бу мавзуда кўплаб қонун ва қарорлар қабул қилинмаганмиди? Келинг, мавзу атрофидаги саволларимиз жавобини мулоҳаза қилайлик.

Аввало, илгари қабул қилинган ҳужжатларни таҳлил қилганимизда, қонун ижодкорлиги амалиётида икки хил йўналишли тенденциялар мавжудлиги яққол кўзга ташланади.

Биринчидан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тўла ҳимоя қиладиган имтиёзларни берувчи қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилса-да, иккинчидан уларда ногиронликнинг тиббиёт тушунчаси устунлик қилганини кўрамиз. Бу эса ногиронлиги бўлган шахснинг жамият ҳаётида фаол иштирок этишига имкон бермайди. Мана бу, ўз-ўзини инкор этиш эмасми?!

Бундан ташқари, аввалги қонунчилик амалиётида ногиронликнинг “тиббий” ва “ижтимоий” моделлари бир-бирига зидлиги кўринади. Қонунчиликда ногиронликнинг меҳнатга лаёқатсизлик, касаллик, имконияти чекланганлик каби томонлари устунлик қилади. Ва бу жиҳатлар айни шахсларга давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш, ногиронликни белгилаш, уларни реабилитация ва абилитация қилиш, соғлигини сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг таълим олиши ва касбга тайёрлаш, меҳнат қилиши ва бандлигини таъминлаш масалаларида тўла ёрдам бермайди.

Бу борада кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ҳуқуқларини изчил тартибга солади, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятнинг барча аъзолари билан тенглигини кафолатлайди, ҳар соҳада фаол бўлишлари учун қулай шарт-шароитлар, имкониятлар яратилишига замин бўлади.

Лойиҳани тайёрлашда хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Масалан, Америка Ногиронлар тўғрисидаги акти тадбиркорларнинг малакали ишчиларни ногиронлиги сабабли камситишга йўл қўйилмаслигини кафолатлайди. Германияда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча қонунлар қабул қилинган. Албатта, буларнинг тажрибаси ўз йўлига. Бироқ қайсидир эзгуликка хизмат қиладиган жиҳатларни ёқлашимиз ва ўрганишимиз керак.

Хулоса қилиб айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакатимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳар тарафлама ҳимоя қилинади, улар жамиятнинг фаол ва тенг ҳуқуқли аъзосига айланади, ташаббуслари рағбат топади.

 Мадина БАРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

O'zLIDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    792
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+