Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлади

25.05.2020, 10:58

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари  давлат ҳимоясида бўлади

Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси доирасидаги мунозаралар жиддий эътиборни талаб қилади. Лойиҳанинг асосий мақсади ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ва жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш, ногиронликни белгилаш, уларни реабилитация ва абилитация қилиш, соғлигини сақлаш ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, таълим олиши ва касбга тайёрлаш, меҳнат қилиши ва иш билан бандлигини таъминлашдан иборат.

Мазкур ҳужжатда уларнинг таълим олиши ва касбга тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар битта ногиронлиги бўлган шахс барча давлат таълим муассаларида таълим олиш, иқтидорларини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда тўла қатнашиш ҳуқуқига эгадир. Бунда, албатта, давлатимиз уларнинг инклюзив таълим олиши ва касбга тайёрлашда зарур бўлган шароитнинг яратилишини кафолатлайди.

Шунингдек, таълим идоралари барча давлат идоралари билан ҳамкорликда мактабгача таълим, мактабдан ташқари таълим, умумий ўрта таълим ҳамда касб-ҳунар таълими олишларини таъминлайди.

Тан олишимиз керак, айрим ҳолларда баъзи имконияти чекланган юртдошларимиз ўз ҳуқуқларини тўла билмайдилар. Натижада жамиятдан узилган ҳолда яшашни давом эттирадилар. Онгу шуурида “Давлат ва жамият учун нафим тегмайди. Жисмоний етук инсонлар билан тенг ҳуқуқли эмасман”, деган нотўғри фикрнинг шаклланишига аслида атрофдагиларнинг қарашлари, муносабатлари ҳам сабаб бўлиши табиий. Шу боисдан ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳаётий заруратдир.

Айтайлик, кимнингдир фарзанди ногиронликдан азият чекади. Жисмоний фаоллик етмаса-да, тенгдошлари каби ўқиб-ўрганишни хоҳлайди. Аммо имконияти йўқ. Қонунда бундай ҳоллар учун таълим олиш жараёнлари уй шаротида олиб борилиши тўла кафолатланган. Бундай шароитда барча ҳаражатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджетидан амалга оширилади. Яратилаётган ушбу имтиёз ҳам имконияти чекланган инсонларнинг ўзларини тўлақонли жамият аъзоси деб ҳис қилишлари учундир.

Ногиронлиги бўлган шахслар бошқа тенгдошлари каби махсус бепул дарслик ва адабиёт билан таъминланадилар, сурдатаржима хизматидан фойдаланишлари ҳам давлат ҳисобидан амалга оширилади.

Биз азалдан меҳр-мурувватли халқмиз. Ёнгинамиздаги ривожланишдан ортда қолаётган кўз қорачиқларга беэътибор бўлиш қонимизда йўқ. Уларнинг ҳар томонлама ривожланишлари, жамиятдаги фаоллигини ва меҳнатга қизиқишини ошириш, фан, техника, санъат ва спортга жалб қилишда бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда мактабдан ташқари таълим муассаларида ўқишлари учун керакли шароитларни яратиб бериш ўз қўлимизда. Ҳатто бу имкониятларнинг яратилиши қонуний кафолатланмоқда. Улар исталган таълим йўналишида исталган усулда ўқиб-ўрганишларини давлатимиз назоратга олади.

Шу ўринда жажжи ғамхўрликка, парваришга муҳтож болажонларнинг тарбияланиши ҳам давлат мактабгача таълим муассаларида бепул олиб борилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Албатта, мактабгача таълим олишда барча реабилитацион ва абилитацион шароитлар яратилади.

Яна бир гап. Таълим жараёни даволаш реабилитацион муассасанинг ўзида дарслар ташкиллаштирилиши орқали амалга оширилиши кўзда тутилгани ҳам уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш мақсадини ўзида ифода этган.

Хўш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассаларига қабул қилишда имтиёзлар бериладими, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Албатта, мазкур қонунда айни саволга жавоб берилган. Яъни, бундай шахсларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинишлари қўшимча квота асосида амалга оширилади.

Умуман олганда, мазкур ҳужжат мамлакатнинг ҳеч бир фуқароси давлат эътиборидан четда эмаслигига ёрқин мисолдир. Зеро, жисмоний нофаолликдан қийналаётган юртдошларимизнинг ҳар соҳадаги ҳуқуқлари давлат ҳимоясида.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLIDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    535
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+