Қарши шаҳрида 2 сотих ҳовлида 4 оила 15 аъзоси билан истиқомат қиляпти

26.05.2020, 16:15

Қарши шаҳрида 2 сотих ҳовлида 4 оила 15 аъзоси билан истиқомат қиляпти

Шарофат момо Бобоқулованинг Қарши шаҳри, “Чақар” маҳалласидаги кафтдеккина ҳовлисида фарзандлар, набиралар ва ўғил-қизлар билан қўшиб ҳисоблаганда 15 киши жон сақламоқда. Улар орасида Шарофат момонинг қизи -  Зиёда Бобоқулова турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзанди билан келиб яшаётгани тор жойни янада торайтирмоқда. Тўғри, Зиёдага Қарши шаҳридан 2 сотих ер ажратилган, 40 дона шифер ҳам берилган, аммо иморат тиклаш ва таъмирлаш учун қурби етмайди, эри ва 1 фарзандининг ногиронлиги бор.

2 сотих атрофидаги ҳовлида шунча кишининг қисилиб яшаётгани ҳар қандай кишини ҳам ҳайратлантириши табиий. Бир ҳовлида яшовчи 4 оила даромади рўзғор тебратишга етмайди. Чунки 5 нафар ишга яроқли оила аъзоларининг фақат биттаси – Умид Бобоқулов ишлайди, холос. Шарофат момонинг 280 минг сўм нафақа пули эса рўзғорга урвоқ ҳам бўлмайди.

Яқинда O'zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши депутати Арзиқул Шеров Шарофат момо ҳовлисида бўлиб, муаммони ўрганди, ишга яроқли оила аъзолари бандлигини таъминлаш, онахон уйини таъмирлаш, Зиёда Бобоқуловага уй қуришда кўмаклашиш каби масалаларни ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилади, онахонга совға-саломлар ҳадя қилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: Қарши шаҳар ҳокимлиги ва “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари 2 сотихли ҳовлида оғир шароитда яшаётган бу хонадонни нега эътибордан четда қолдиришмоқда? Ахир мамлакатимизда камбағалликни олдини олиш, аҳолининг яшаш ва турмуш шароитларини яхшилаш энг муҳим вазифалар сирасига киради-ку!

  Фахриддин БОЗОРОВ,

O'zLiDeP Қашқадарё

вилоят Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    646
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+