Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа

27.05.2020, 14:34

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа

Туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратишга қаратилган десак муболаға бўлмайди.

Лойиҳанинг аҳамиятга молик бир жиҳати ўндан зиёд моддаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилага ва оила муҳитига бўлган ҳуқуқи, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, уй-жойга бўлган ҳуқуқи каби бир қатор ҳуқуқлари аниқ нормаларда белгиланмоқда. Бу ҳам шу кунгача баҳсли ёки бўлмаса очиқ қолган барча масалаларга ойдинлик киритади.

Масалага O'zLiDeP электорати нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, қонун лойиҳасида қайси тадбиркорлик субъектининг тушуми умумий ҳажмининг камида ўттиз фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини ишлаб чиқаришдан, шунингдек уларга ортопедик протезлаш хизматлари кўрсатишдан, протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини таъмирлаш ҳамда хизмат кўрсатишдан келиб тушган бўлса, ўша тадбиркорлик субъекти қуйидаги имтиёзлар ва преференцияларни олиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида кўрсатилган.

Хусусан, ўзига тақдим этилган таклифлар танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари таклифлари билан тенг бўлганда харидор томонидан инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки ҳажмларини сотиб олишнинг «ноль» қиймати бўйича реализация қилиш юзасидан ўтказилган танлов савдолари натижаларига кўра контракт тузишга доир устунлик ҳамда давлат мулки объекти учун ушбу объектнинг ижара ҳақи ставкаси энг кам миқдорининг эллик фоизи миқдорида ижара ҳақи тўлаш шулар жумласидандир.

Ўзим сайланган округдаги ногиронлиги бўлган шахслар билан ҳам мулоқотда бўлиб, мазкур қонун лойиҳаси юзасидан уларнинг таклифларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Хусусан, Тошкент туманидаги бир қатор ана шундай хонадонларда бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган имконияти чекланган ҳамюртларимизга мазкур қонун лойиҳасини тушунтириш асносида таклифларини ҳам олдик.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва ҳаётга тадбиқ этилиши жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланган ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳаётда эмин-эркин яшаши ва ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши учун, жамият ва давлат қурилишида ҳеч қандай тўсиқларсиз, имконияти етганича иштирок этишига хизмат қилади.

Дилбар Усмонова,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    816
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+