Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари кенгаяди

27.05.2020, 15:35

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари кенгаяди

Коронавирус пандемияси даврида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатасида онлайн режимда қонун лойиҳалари муҳокамаси қизғин давом этмоқда. Жумладан, куни кеча “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракциясида иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ҳозир 47 моддадан иборат қонун лойиҳасинг 29-моддаси ҳақида тўхталмоқчиман. Чунки қонун лойиҳасининг бу моддаси “Тиббий-ижтимоий экспертиза” деб номланиб, бу тузилма амалиётда фуқароларнинг ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Айнан шу тузилма орқали фуқаро ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилади. 

Мазкур моддада ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш – тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни эса  педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

Шахс тиббий-ижтимоий экспертизага давлат тиббиёт ташкилоти томонидан юборилади. Ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахслар эса тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси кўриб чиқиши учун қўшимча текширишлар ўтказилмасдан тиббий-ижтимоий экспертизага юборилади.

Агар шахс соғлиғининг ҳолатига кўра тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаса ва бу фуқаро даволанишда бўлган тиббиёт ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланса, тиббий-ижтимоий экспертиза уйда ўтказилиши мумкин.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг мажлисларида меҳнат органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, касаба уюшмаларининг, суғурта ташкилотларининг ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиши мумкин.

Текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн календарь кундан кечиктирмай тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ўтказилади. Тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш учун юборилган шахс тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг текшируви куни тўғрисида тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан икки иш куни ичида хабардор қилинади. Ногиронлик белгиланган тақдирда, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана ногиронликнинг бошланиш пайти деб ҳисобланади.

Тиббий-ижтимоий экспертиза натижалари бўйича ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этилган фуқарога ногиронлик гуруҳи, уни белгилаш сабаби ва муддатлари, ўн саккиз ёшгача болаларга эса қайта текширувдан ўтиш муддати билан ногиронлиги бўлган болалар тоифаси белгиланади. Бунда сурункали зўрайиб борувчи ва ҳаёт учун хавфли бўлган кам учрайдиган (орфан) касалликлар ҳамда бошқа наслий-ирсий касалликлари бўлган ўн саккиз ёшгача бўлган болаларга, касалликнинг зўрайиб бориши ва даражасидан қатъий назар, ногиронлик белгиланади.

Ногиронликни илгари белгиланган муддатлардан олдин, шунингдек муддатсиз равишда қайта текширувдан ўтказиш соғлиқнинг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш бўйича ўтказилган чора-тадбирлар натижаларига кўра, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари асосланмаган қарор қабул қилганлиги фактлари аниқланганда, юқори турувчи тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронликни белгилаш тўғрилигини текшириш якунлари бўйича амалга оширилади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари бепул текширувлар ўтказиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган давлат тиббиёт ташкилотларига бириктириб қўйилади.

Давлат бошқаруви органлари ва давлат ташкилотлари ногиронлик юзага келишига таъсир қилувчи сабаблар, омиллар ҳамда шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида ногиронликка олиб келувчи касалликлар юзага келишининг ишлаб чиқариш, ижтимоий, экологик ва бошқа сабабларини ўз ваколатлари доирасида таҳлил қилади.

Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, ногиронлик тузилмасини ҳисобга олиш ва таҳлил қилиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамда ногиронлиги бўлган болаларнинг шахсий йиғма жилдларини юритади.

Ногиронликни белгилаш ҳамда тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларини ташкил этиш мезонлари ва механизмлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Эътибор берган бўлсангиз, мазкур модданинг 3-қисмида “Ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахслар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси кўриб чиқиши учун қўшимча текширишлар ўтказилмасдан тиббий-ижтимоий экспертизага юборилади”, дейилган. Бу жуда тўғри.

Бироқ, бу қисмни қуйидагича таҳрирлашни таклиф қиламан, яъни “Ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахслар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси га қўшимча текширишлар ўтказилмасдан ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш учун юборилади”. Ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турганда тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишга не ҳожат?

Шу билан бир қаторда шу модданинг 6-қисми 4-банди сифатида “Ногиронлиги белгилари аниқ кўриниб турган шахсларга тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана ногиронликнинг бошланиш пайти деб ҳисобланади ва қайта текширувдан ўтиш муддати кўрсатилмайдиган ногиронлик белгиланади”, деб қўшимча киритиш керак. Бу ўз навбатида шу модданинг 8-қисмига асос бўлади ва қонун тўғридан-тўғри ишлашига замин яратади.

Шу нормага асосан кейин Вазирлар Маҳкамаси ногиронликни қандай белгилаш кераклигига ойдинлик киритаверади.Нима дедингиз?

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    235
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+