Пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назорати йўлга қўйилади

27.05.2020, 15:52

Пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назорати йўлга қўйилади

Президентимиз жорий йилнинг 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталиб ниҳоятда долзарб масалаларга эътибор қаратди. Яъни бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпайганлиги сабабли кейинги кунларда мамлакатимизда коронавирус юқтириб олганлар сони сезиларли равишда ортди. Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин, деди давлат раҳбари куюнчаклик билан.

Видеоселекторда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган ислоҳотларни, бу йўлда жорий қилинган имтиёзларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўғри ва манзилли етказишдаги ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. Ҳақиқатан ҳам жойларда юрганимизда бунинг гувоҳи бўлдик.

Табиийки, бевосита партиямиз электорати яъни тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган имтиёзлар, яратилаётган шароитларни уларга ўз вақтида ва тўғри тушунтириш парламент қуйи палатасидаги энг катта фракция сифатида биз депутатларнинг зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Очиғини айтиш керак, бу борада айни пайтда олиб бораётган ишларимиз етарли эмас. Жойларда маҳаллий кенгашга сайланган депутатларимиз билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини ҳар доимгиданда кучайтиришимиз зарур.

Шу билан бир қаторда туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирларнинг ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб борилиши механизми йўлга қўйилиши ҳам депутатлар зиммасига улкан масъулият юклайди.

Сўзимни якунида сайловчиларимга, барча юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман.

Азиз ватандошлар!

Юртимизда карантин тугагани йўқ. Унинг қачонгача давом этиши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ. Агар унга амал қилмасак, ўз билганимизга иш тутсак, карантин чўзилиб кетаверади. Шундай экан зарурат бўлмаганда уйдан чиқмасликка ўзимизда куч топа олишимиз айни пайтда жуда муҳим.

Ҳар биримиз шу кеча-кундуздаги вазиятнинг жиддий эканини англаб, карантин талабларига риоя этайлик, масъулиятни унутмайлик!

Барно Мирзамова,

Олий Мажлис қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    966
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+