Форишда агрокластерлар 700 нафардан зиёд ёшларни мавсумий иш билан таъминлайди

28.05.2020, 14:45

Форишда агрокластерлар 700 нафардан зиёд ёшларни мавсумий иш билан таъминлайди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда  аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб рўй бераётган ўзгаришлар кўлами кундан-кун кенгайиб бормоқда.  Жойларда ташкил этилаётган ва мазкур ҳудудларнинг кўркига-кўрк қўшаётган замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар, логистика марказлари киши кўзини қувнатади. Бироқ энг муҳими, қишлоқ аҳлининг онгида, дунёқарашида кечаётган ўзгаришлар уларнинг меҳнатга, ерга бўлган муносабатида ҳам ўз аксини топмоқда, десак янглишмаймиз. Яқин-яқингача мавжуд бўлган “Қаровсиз, ташландиқ ер” деган тушунча бугун кўпчиликни ажаблантириши табиий ҳол.

Чунки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш  бугунги кунда энг долзарб вазифалар сифатида қаралаётгани соҳага бўлган одамларнинг муносабатини ҳам кескин ўзгартириб юборди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 майдаги «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларини эксперимент тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш ҳамда бу борада 2020 – 2022 йиллар давомида амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилган.

Мазкур қарор асосида Фориш туманида 2020 – 2022 йиллар давомида 12 108 гектар ер майдони боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади.

Маълумки, ҳозирги пайтда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини қарор топтириш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, ерлардан самарали фойдаланишнинг мақбул механизмларини яратиш, қишлоқ хўжалиги юритишнинг самарасиз усулларидан воз кечиш, уларнинг ўрнига бугунги замон талабларига жавоб берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туманда ихтисослашувни, ҳудудларнинг географик жойлашуви, тупроқ-иқлим шароитлари, сув билан таъминланганлиги, шунингдек, деҳқон ва фермерларнинг билим, кўникмалари ҳамда бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда тадбиқ этиб, боғдорчилик ва узумчиликни оқилона жойлаштиришни тақозо этади.

Яна бир диққатга молик томони, ушбу жараён тумандаги кўплаб ёшларнинг бандлигини  таъминлаш имконини ҳам беради. Умуман, кейинги пайтларда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юргизишга қизиқиш билдираётган ёшлар сони ортиб бораётгани ҳам қувонарли ҳол. Мисол учун, туман ёшларидан бири Зиёдулла Шавкаров O`zLiDeP туман Кенгаши фаоллари ёрдамида 2,5 сотих майдонда иссиқхона барпо этди.

- Албатта, биргина иссиқхонани қуриб қўйиш билан иш битмайди,- дейди Зиёдулла. – Соҳага оид кўп нарсаларни ўрганишимиз керак. Бу борада O`zLiDeP томонидан ўтказилаётган амалий семинарлар жуда қўл келмоқда. Айни пайтда оила аъзоларимиз билан ушбу иссиқхонада экилган помидор маҳсулотларини парвариш қилмоқдамиз. Ҳосил чўғи кўнгилдагидек. Даромадга яраша буромад деганларидек, яна 1 гектар майдонда иссиқхона қуриш ниятидамиз.

2020 йил давомида Фориш тумани ҳудудида 18-30 ёшгача бўлган 4185 нафар ўғил-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида “Манзилли режа” ишлаб чиқилган. Бу борада айниқса, ёшларни тадбиркорликка йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу масала халқ депутатлари туман Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг доимий назоратига олинган.

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгаши депутати, тадбиркор Раҳмат Нарзиев  саъй-ҳаракатлари билан  “Учқулоч” МФЙ ҳудудида  узумчилик, боғдорчилик  ва сабзавотчиликка ихтисослашган “Лаззат-Кафолат” хусусий корхонаси ва “Фориш Агрор Нурафшон” агрокластерлари ташкил этилиб,      200 нафардан ортиқ ёшлар мавсумий иш билан таъминланди. Агрокластерларга ажратилган 3176 гектар ер майдонига  4 млн. 233 минг донадан зиёд ток кўчатлари экилди. Ушбу агрокластерларда иш билан банд бўлмаган ёшларга ток қатор ораларида турли озиқ-овқат экинлари етиштириш учун 1 гектардан ер майдони ажратиб берилмоқда.  Агрокластерлар 700 нафардан зиёд ёшларни мавсумий иш билан таъминлайди.

Холмат ТЎРАЕВ,

 O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    846
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+