Бугунги раҳбар қандай бўлиши керак?
29.05.2020, 16:16
Бугунги раҳбар талабчан бўлиш билан бирга, мудом халқ дарди, одамлар ташвиши билан яшаши керак. Негаки, раҳбар етакчи бўлмаса, жамоа унга эргашмайди. Шу боис бугун барча раҳбарлардан, айниқса, ижро ҳокимияти вакилларидан алоҳида қобилият талаб этилади. Қобилият эса такрорланмас истеъдод демак.
Глобал пандемия муаммосига 200га яқин давлат қатори Ўзбекистон ҳам дуч келди. Боз устига, Бухоро ва Сирдарё вилоятларидаги табиий офатлар халқимизни ташвишга солди. Бу –яхшининг иродасини синовлар кўрсатади, деган гап.
Шукрки, ана шундай кунлардан ҳам талофатсиз ўтиб оляпмиз. Чунки Президентимиз ҳодиса юз берган дастлабки кунлардаёқ ҳар икки ҳудудга зудлик билан етиб борди, талофатдан жабр кўрганларга ҳамдард, елкадош бўлди. Аслида, халқаро хавфсизлик тамойилларига кўра, креноген вазиятлар юзага келган жойларга давлат раҳбарларининг фалокатлар сал босилгандан сўнг бориши тавсия этилади.
Ўз миллатини севган юртбошимиз туфонларнинг ваҳимали шовқинлари ҳали тинмасдан шу манзилларга етиб борди. Бу – довюраклик, бу миллатнинг бугуни ва эртаси учун астойдил жон куйдиришдир. Айни карантин даври, коронавирус сониялар сайин юртдошларимиз ҳаётига таҳдид солиб турган пайт. Шундай оғир шароитда ҳам муҳтарам Президентимиз коронавирус эпидемиясига қарши курашиш, унинг талафотларини камайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, ҳар бир вирусга чалинган беморнинг тақдири ҳақида қайғурмоқда.
Аҳамиятли томони, давлатимиз раҳбари бошчилигида тиббиёт ходимлари, ҳуҳуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, қўйингки, бутун жамият бирлашиб ушбу офатга қарши курашмоқда. Шунинг баробарида, мамлакатни иқтисодий тараққий эттириш кун тартибидан тушгани йўқ. Буларнинг барчаси пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш, касалликни ўз вақтида олдини олиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган ташаббуслардир.
Тан олиш керак, шундай оғир шароитда айрим раҳбарлар қайсидир майда ижтимоий масалалар гирдобида қолди ёки ташаббускорликда нўноқлигини кўрсатиб қўйди. Ахир бундай пайтда улар давлат раҳбарининг ёнида туриб, аҳолининг даромадларини ошириш, уни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан кўпроқ машғул бўлиши керак-ку!
Илгари минг-минглаб хотин-қизларимиз қишлоқ далаларида қўллари ёрилиб, тупроқ орасида пахта чопиқ қилиб юрарди. Бугун улар кўркам фабрикаларда, чиройли кийиниб хушбичим кийимлар тикмоқда. Биз ҳам энди аёл эканлигимизни ҳис этдик, ахир пардозланиб латофатли бўлиб юрса ҳам бўларкану, дея кўз ёши қилган опа-сингилларимизни кўрганман, ижодий сафарларимда. Ёки кластер тизимини олинг.
Иқтисодиётни занжирли ривожлантириш усули. Пахтачилик... Чигитни ерга қадашдан тортиб, тайёр маҳсулотга айлантириш кимнинг хаёлига келибди дейсиз. Шу пайтгача толани экспорт қилардик. Бир килограм пахтани арзимас пулга олиб, 20 та эркаклар кийими тикиб, унда ўн баробар фойда олишган шоввозлар. Энди бу имкониятлар ўзимизда пайдо бўлгани мужиза эмасми? Кейинги мушоҳадаларимизда бу каби мисоллар атрофида кенгроқ мулоҳаза юритиб борамиз.
Минг афсуски, Президентимиз кўрсатаётган ташаббусларнинг ижрочиси бўлиш ўрнига томошабин қиёфасига кириб олаётган раҳбарлар ҳамон учраб турибди. Яқинда ўтган мажлисдан келтирилган рақамларни санаб вақтингизни олмайман. Тадбиркорларга катта имтиёзлар берилди, ўзини банд қилганлар даромад солиғидан озод қилинди. Камбағалчиликни камайтириш, батамом тугатиш давлат раҳбарининг доимий эътиборида. Томорқадан йилига 2-3 маротаба ҳосил олиб, оила бюджетини мустаҳкамлаётган юртдошларимиз сафи ортиб бормоқда. Умуман, интилган инсон давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Рағбат ҳамиша кишини янги режалар сари етаклайди. Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳар бир ғоя қадрли. Тараққиёт эса ана шу ғоялар негизида бир зум тўхтамайди, у бардавомдир. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Биз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари яқинда Самарқанд вилояти туманларидаги ўнлаб аҳоли томорқаларида бўлдик. Ўзига хос ташвиқотлар олиб бордик. Одамлар ўзгарибти, уларнинг интилишлари ўзгача. Руҳиятлари тетик. Бу – Президентимизнинг уларни янги марралар сари етаклаётганидан дарак беради.
Ҳа, ўзбек халқининг қалби юксалмоқда, ўз Ватани каби бутун борлиғи юксалмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбарининг бош шиори халқимизни бой қилиш экан, бунда катта-кичик раҳбарлар-у, ҳокимлар ва биз депутатлар мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида елкадош бўлишимиз шарт. Ва, шундай имконият ҳамда салоҳият бизда бор. Фақат ташаббус ва раҳбарлик қобилияти бунда қўл келишини унутмаслик мақсадга мувофиқ.
Наврўз РИЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Фикрингизни қолдиринг