Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашимиз зарур

29.05.2020, 16:18

Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашимиз зарур

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган ислоҳотларни, бу йўлда жорий қилинган имтиёзларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўғри ва манзилли етказишдаги ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилмаганлиги асосли танқид қилинди.

Йиғилишда аҳоли даромадини оширишга хизмат қиладиган кичик лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш масаласига алоҳида урғу бериш лозимлиги таъкидланди.

Табиийки, ушбу устувор ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар аграр соҳага алоҳида масъулият юклайди. Бу борада биринчи навбатда жойларда маҳаллий кенгашга сайланган депутатларимиз билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан парламент ва кенгашларнинг таъсирчан назоратини ҳар доимгиданда кучайтиришимиз зарур.

Айтиш керакки, айни карантин пайтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, аграр сектордаги ислоҳотларни тўғри йўлга қўйишга бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда. Зеро, ҳозирда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи нафақат бизда, балки дунё мамлакатларини ҳам ташвишга солмоқда.

Айниқса, ерлардан унумли фойдаланишга даъват этиш, бу борада амалий ёрдам кўрсатиш, яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишни жадаллаштиришимиз лозим.

Шуни инобатга олиб, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда, ҳам тармоқ, ҳам ҳудуд кесимида томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермерларнинг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш, муаммоларини ўрганиш, қолаверса, томорқасидан фойдаланмаётган хонадонлар билан бирма-бир ишлаш давом эттирилади.

Президентимиз томонидан аграр соҳада белгилаб берилган устувор вазифалардан ҳамда пандемия туфайли сақланиб турган мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, қўмита фаолиятини тизимли ва самарали йўлга қўйиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

 

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    1003
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+