O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганди

01.06.2020, 16:36

O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши вакиллари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ўрганди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари, O'zLiDeP ҳудудий кенгашлари давлатимиз раҳбарининг қарор ва фармонлари, видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар ижросини ўрганиш, тадбиркорлик субъектлари, фермерлар, томорқачилар билан мулоқот қилиш мақсадида қатор учрашувлар ташкил қилинмоқда.

O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Шерали Юлдашев бошчилигидаги бир гуруҳ партия фаоллари ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларини кўздан кечириш жараёнида нафақат уларнинг фаолияти билан танишишни, балки пандемия даврида муаммоларига ечим топишга кўмаклашишни мақсад қилишди.

Самарқанд шаҳридаги МЧЖ шаклдаги “DАКА ТЕХ” хорижий корхонаси бир суткада 10-11 тонна пахтани қайта ишлаб 9,5 тонна тайёр ип калава ишлаб чиқаради. Пандемия даврига қарамасдан бу ерда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда 100 фоиз қувват билан 3 сменада иш ташкил қилинган.

- Корхонамизда 280 нафар ишчи ходим меҳнат қилади. 2019 йилда хорижга 3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Жорий йилда ҳам шунча миқдорда экспортни амалга оширишни режалаштирганмиз. Июн ойида  шартномага кўра, Туркия давлатига 200 минг долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилади, - дейди корхона ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Шариф Мустапов.

Учрашувда партия фаоллари томонидан пандемияга оид Президент қарорлари ва фармонларининг мазмун моҳияти, тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақида  тушунчалар берилди. Шунингдек, ишчи-ходимларга шароит яратиш, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Партия вилоят Кенгаши раиси бошчилигидаги фаоллар Фарҳод қўрғонида жойлашган “KARVON-PRESTIJ” МЧЖ корхонасида бўлишди. Корхона 8 турдаги яхна ичимликлар ишлаб чиқаради. 2004 йилда  ЯТТ шаклда 5 киши билан иш бошлаган ушбу тадбиркорлик субъекти 2010 йилда МЧЖга айлантирилган. Ҳозирда бу ерда 18 нафар ишчилар меҳнат қилишади.

Партия вакиллари ва депутатлар корхона раҳбари Темур Қурбонов ютуқлари билан ўртоқлашар экан, Самарқанд шаҳар Мароқанд кўчасида маиший хизмат шаҳобчасини қуриш учун рухсат берилган ер майдонида айни кунда архитектура талаблари асосида 50 ўринли замонавий меҳмонхона қуришни режалаштираётганлигини айтди. Бу борада тегишли ташкилотлардан рухсат олганлиги, ишини бошлаш учун шаҳар ҳокимлиги қароридан кўчирма олиш лозимлигини айтиб, шу масалада амалий ёрдам беришини сўради. Мазкур масалани партиянинг вилоят Кенгаши раҳбари ўз назоратига олишини айтди.

Бахтигул Қаршиева

O’zLiDeP Самарқанд

вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

 

  • Кўрилди
    806
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+