Бола дунёни тебратар...

02.06.2020, 15:19

Бола дунёни тебратар...

Ота-оналар болани дунёга келтирганлари учун эмас, уни одобли ва ахлоқли қилиб вояга етказганлари учунгина олқишга сазовор бўла оладилар.

Аристотель

Улуғ донишмандлар дейдиларки, кимларнинг ортидан унинг яхши амалларини давом эттирадиган фарзанди бор экан, у одам ҳеч қачон ўлмайди.

Ривоят қилишларича, одам Аллоҳга унга берилган умр қарға, тошбақа каби жонзотларникидан анча озлигидан шикоят қилибди. Аллоҳ унга бор умр барча мавжудотларга тарқатиб бўлинганини айтиб, “Агарда сен ўз умрингни узайтирмоқчи бўлсанг, мендан фарзанд сўрагин, бандам. Мен умрингни ўзингнинг фарзандларинг билан узайтираман. Сен кўра олмаган умрни ўз фарзандларинг кўради ва сенинг умрингни янада узайтиради. Фарзандингга ҳам фарзанд бераман, натижада умринг яна ҳам узаяверади. Айнан шу тариқа сенинг авлодинг ҳам тобора кўпайиб бораверади, умринг бўлса то қиёматга қадар етади”, деган экан...

Бизнинг буюк аждодларимиз бутун дунё илм аҳли томонидан “БАХТ нима?” деган ўта мураккаб саволга XXI аср ибтидосида, миллионлаб ҳар хил сўровномалар орқали турлича технологиялар воситасида топилган жавобни ўша замонда комил ишонч билан баралла айтиб қўйган эдилар. Бундан 3 минг йиллар муқаддам буюк бобо-момоларимиз кашф этган БАХТ формуласига бир ўз назарингизни ташлаб кўринг-а, улар нақадар ўта донишманд бўлганларига имон келтиришингиз шак-шубҳасиз: ОИЛА, ФАРЗАНД, СОҒЛИК!

Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг таснифига кўра, бола туғилган кунидан то 11 кунлик бўлгунига қадар – чақалоқ, роппа-роса 1 ёшга етгунича – гўдак деб аталади. 3 ёшигача эса илк болалик, 7 ёшга тўлгунича ёш болаликни ўз бошидан кечиради. 8 ёшидан бошланиб кетган болалик 12 ёшга етганидан то 16 ёшига қадар ўспиринлик даври билан алмашинади.

Ҳар қандай жамият, давлат келажаги, бойлиги ҳисобланмиш болаларни ҳимоя қилиш масаласи 1924 йилги Бола ҳуқуқлари Женева Декларациясида, 1959 йилги БМТнинг бола ҳуқуқлари Декларациясида, 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва қатор халқаро ҳужжатларда қатъий белгилаб қўйилган. Деярли 10 йил мобайнида тайёрланган ва унга ҳозирда 193 давлат имзо чеккан Конвенция 54 моддадан иборат бўлиб, 1990 йил 2 сентябрдан кучга кирган. Ушбу халқаро ҳужжатнинг 17- моддасига биноан иштирокчи – давлатлар болаларнинг соғлом, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашишга қаратилган ахборотдан баҳраманд бўлишини таъминлайдилар. Болалар адабиётини нашр этиш ҳамда тарқатишни рағбатлантирадилар. Конвенция, гарчи болалар ҳуқуқи ва эркинликлари ҳақидаги асосий қонунларни ҳимоя қилсада, ота-оналардаги ўз болалари учун нима афзаллигини танлаш ҳуқуқини бузмайди. Аксинча, унда ҳукумат, ота-оналар болаларининг улғайиши жараёнида биринчи галдаги ўз вазифаларини бажаришлари учун оиланинг мустаҳкамланиши, қўллаб-қувватланишига ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилишлари лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Бола ҳуқуқини таъминлаш – бу бола ва катталар ўртасида низо келтириб чиқаришга эмас, балки болаларнинг ҳар томонлама – маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва хавфсиз келажакларини таъминлаш мақсадида фуқароларни биргаликда ишлашга илҳомлантиради. Шу сабабдан ҳам Конвенциянинг 5- моддасига кўра “Давлат ота-оналар ҳуқуқи ва бурчларини ҳурмат қилиши ва уларнинг болаларнинг ривожланиш қобилиятларига мувофиқ ҳолда назорат қила олишларини таъминлаши даркор”. 19- моддага биноан “Иштирокчи – давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ҳамда суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ё бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёхуд бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш ҳамда бошқалардан жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўрадилар”.

Халқаро Конвенциянинг 27- моддасида эса қуйидаги қоидалар белгилаб қўйилган: “1. Иштирокчи – давлатлар ҳар бир боланинг жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий камол топиши учун зарур ҳисобланган турмуш даражасига эга бўлиш ҳуқуқини эътироф этадилар. 2. Ота-она ёхуд болани тарбиялаётган бошқа шахслар ўз қобилиятлари ва молиявий имкониятлари доирасида боланинг ривожланиши учун зарур бўлган турмуш шарт-шароитларини таъминлашга асосий жавобгардирлар”.

Камида 3000 йиллик давлатчилик тарихида дастлабки мафкура вазифасини ўтаган бобокалон китоб “Авесто”да оила қуриш, фарзанд кўриш ҳамда бола тарбияси ҳар бир инсон учун оддий ҳолат эмас, балки эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амалдан иборат инсоний бурч сифатида қаралган. “Менга баркамол, ватанпарвар, аҳил, эзгу андишали, зулмат, тангликдан қутқарувчи фарзандлар бағишла. Токи улар манзил, шаҳар, ўлкалар номини ва овозасини кўтарсинлар”.

Ахурамазданинг бутун инсониятга қарата айтган ушбу сўзлари асрлар ва минг йиллар оша ҳар биримизни фарзанд тарбияси билан бевосита боғлиқ олий шараф, улкан масъулият ва бутун умримизга татигулик буюк мақсадлар сари ундайверади.

Зафар ХУДАЙБЕРДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    856
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+