Наманганда депутат Барно Мирзамова Президент қарорлари ижросини ўрганмоқда

04.06.2020, 14:33

Наманганда депутат Барно Мирзамова Президент қарорлари ижросини ўрганмоқда

Президентимиз жорий йилнинг 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган ислоҳотларни, бу йўлда жорий қилинган имтиёзларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўғри ва манзилли етказишдаги ишлар кўнгилдагидек йўлга қўйилмаганлигини таъкидлаган эди. Шу билан бир қаторда туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари, вазирларнинг ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб борилиши механизми йўлга қўйилиши борасида аниқ кўрсатмалар бериб ўтганди.

Табиийки, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган имтиёзлар, яратилаётган шароитларни уларга ўз вақтида ва тўғри тушунтириш парламент қуйи палатасида фаолият олиб бораётган депутатларнинг зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова маҳаллий кенгашга сайланган депутатлар билан бирга пандемияга оид Президент қарорлари ва топшириқлари ижроси юзасидан Наманган вилоятининг бир қатор туманларида ўрганишлар олиб бормоқда.

Дастлаб депутат Чортоқ туманида тадбиркорлик субъектлари ва томорқа ер эгалари фаолияти билан танишишдан бошлади. Мулоқотлар давомида тадбиркорлар, фермерлар ва томорқачилар ўз фаолиятларини янада ривожлантириш борасида қатор таклифлар, фикрлар билдиришди ва аниқланган муаммолар жойида ечим топишилишига эришилмоқда.

– Чортоқда қишлоқ хўжалиги соҳасида кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганига, эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, уларга оилавий бизнес бошлашига кўмаклашилаётганига туманда олиб борган ўрганишларимиз давомида гувоҳ бўлдик, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова. – Ўрганишлар давомида туманда қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар, имкониятлар ва имтиёзлар борасида ҳам кенг тушунчалар бериб борилди.

Депутат Б. Мирзамованинг ўрганишлари давомида Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қуватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида туманда 22 та лойиҳа ишлаб чиқилганлиги гувоҳи бўлди.

Туман аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида “Ойқирон миришкорлари” ММТП ҳудудидаги “Ахрорхўжа Сожира” фермер хўжалиги томонидан 20 йилдан буён фойдаланилмаётган адирликда 106 гектар майдон ўзлаштирилиб, 52 гектарида ғўза парваришланмоқда.  Бунинг натижасида 50 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, “Ҳамид Олимжон бўстони” агрофирмаси 20 гектар ерга кам таъминланган аҳоли учун 2 сотихдан иссиқхона қуриб беришда кўмаклашилмоқда.

Шунингдек, туманда фаолият олиб бораётган “Wall nuts of Chartak” фермер хўжалиги кооперативи фойдаланиб бўлмайдиган 41,4 гектар ер майдонни қайта ўзлаштириб, у ерга Туркия давлатидан олиб келинган ёнғоқ кўчатлари экилди ва кўчат ораларига экин экиш учун 35 нафар кам даромадли хонадонларга ҳамда ногиронлиги бор фуқароларга бўлиб берилди.

Депутат учрашув давомида туманда “НАМАНГАН FISHERIES” МЧЖ томонидан 1 гектар ер майдонда садоқ усулида балиқ етиштиришни йўлга қўйган лойиҳани кўздан кечирди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4300 млн сўм, шундан 1200 млн сўм ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобидан ва 3100 млн сўм тижорат банк кредити ҳисобидан амалга ошириш белгиланган. Ушбу лойиҳани тезлаштириш мақсадида тадбиркорни кредит маблағи билан таъминлаш бўйича Республика Марказий банкига таклиф киритилиши белгилиб олинди.

Депутат Барно Мирзамова вилоятнинг Поп ва Мингбулоқ туманларида ҳам бўлиб, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари билан мулоқотлар олиб борди, муаммолари ва таклифлари ўрганилди.

 Ўрганишлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Поп туманида агрокластерларни ташкил қилиш, боғдорчиликни ривожлантириш борасида қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Унга кўра туманда “Namangan agro logistik” ҳамда “Agro HUB” МЧЖларга қарашли мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилди. Агрокластерларга жами 2 минг 588 гектар, шундан 365 та фермер хўжаликларини ихтиёридаги 2 минг 494 гектар ва 94 гектар кластерларни ўзларининг ер майдонлари ажратилди. Ушбу ажратилган 1 802 гектар ер майдонига боғ ва токзорлар босқичма-босқич барпо этиб борилади.

Депутат ушбу кластерлар фаолиятини кўздан кечирар экан тадбиркорлар билан суҳбат жараёнида ушбу боғ ва токзорларни сув тежовчи технологиялар асосида суғорилиши, бу орқали камроқ сарф-харажат қилиниб, ҳосилдорликни янада ортишига сабаб бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга ер майдонлари ажратиб берилаяпти. Бу орқали аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадларини оширишга эътибор қаратилмоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари Мингбулоқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали инқироздан чиқариш борасида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди.

Унга кўра туманда 41 гектар ер майдонида шоличилик,
28,7 гектарига метал конструкцияли ва томчилатиб суғориладиган иссиқхона кооперативларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бу лойиҳаларни амалга оширишда 10 млрд сўм субсидиялар ажратиш орқали 1370 нафар кам таъминланган, ишсиз фуқароларни бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Қонунчилик палатаси депутати Б. Мирзамованинг бошқа туманларда ҳам далатимиз раҳбарининг қарор ва фармонларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасидаги ўрганишлари давом этмоқда.

  • Кўрилди
    1616
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+