Ёшлар парламенти: ёшларга оид қонунчилик ташаббуси, тарғиботи ва уни ҳаётга тадбиқ этиш истиқболлари

04.06.2020, 16:38

Ёшлар парламенти: ёшларга оид қонунчилик ташаббуси, тарғиботи ва уни ҳаётга тадбиқ этиш истиқболлари

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими ташабббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси ва Қонунчилик палатасидаги ёшлар масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда ташкил этилган видеоконференция мавзуси ана шундай номланди.

Ҳудудий партия ташкилотлари ёшлар билан ишлаш бўлими ходимлари, “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирокида бўлиб ўтган видеоконференцияда «Ёшлар ва жаҳон парламентлари», «Ўзбекистонда ёшлар парламентини ташкил этиш зарурати ва уни ташкил этиш жараёнлари», «Ёшларга оид қонунчилик ташаббусини амалга ошириш, тарғиб қилиш ҳамда уларни ҳаётга тадбиқ этишда O`zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг ўрни» каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидлаш лозимки, муҳокама қилинган масалалар юзасидан ёшлар ўз таклифларини бердилар, Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган ёшлар парламентини ташкилий-ҳуқуқий жараёнлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Ҳозирги вақтда ёшлар парламентини ташкил этишда бирнеча ёндашувлар кўриб чиқилаётганлиги ҳамда буни келгусида ёшлар ва парламент ўртасида чинакам кўприк вазифасини бажараоладиган институтга айлантириш борасида таклифлар муҳокамаси давом этаётганлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоси, ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси Абдулла Аслонов томонидан таъкидланди. Шунингдек, лойиҳа бўйича ёшлар парламенти таркиби 18 ёшдан юқори ва 30 ёшгача бўлган мамлакат фуқаролари сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар асосида ҳар бир туман ва шаҳарлардан бир нафардан вакилларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида сайлаш орқали шакллантириш ҳам таклиф қилинмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг ёш аъзоси Баҳромжон Раҳмоналиев ҳам республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларидан вакиллар парламент қуйи палатаси депутатларига бириктирилган ҳолда фаолият юритувчи ёшлар парламентини шакллантириш мақсадга мувофиқ эканлигини айтмоқда. Сабаби, ушбу тизим биринчидан ёшлар парламенти вакиллари ўз депутатлари орқали қонунчилик палатаси мажлисларида таклифларини мунтазам киритиб бориш имконини беради. Иккинчидан қонунчилик палатаси мажлисларида барча ҳудудлар ёшларининг билвосита иштироки таъминланади.

Мулоқот давомида O`zLiDeP Қашқадарё вилояти Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Маъмуржон Абдуллаев, янги ёшлар парламентида шундоқ ҳам турли ташкилотларнинг фаоли сифатида эътироф этилган ёшларни эмас, балки ўз юрти равнақи йўлида изланиш ва интилишга тайёр, муваффақиятлар сари ҳаракат қилаётган ёшларни, келажак қаҳрамонларини кўришни умид қилаётганини билдирди.

Ёшларга оид қонунчилик ташаббусини амалга ошириш, қонунчилик мазмунини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ва ижросини таъминлашда ёшлар иштирокини таъминлашга қаратилган «Парламентда менинг ўрним», «Агар мен депутат бўлсам», «Келажак депутатлари» каби партиявий лойиҳалар орқали мустақил фикрлайдиган, юксак билимга эга минглаб ёшлар кашф этилди. Олдимиздаги асосий мақсадлардан бири ушбу ёшлар орқали Ўзбекистонда ташкил этилаётган ёшлар парламенти ёшлар муаммоларига ечим бўлаоладиган тизимли таклифларни ишлаб чиқадиган, ёшлар ташаббус ва интилишларини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган чин маънодаги ёшлар овозига айланишини таъминлашдан иборат.

Албатта, юртимизда ҳали кашф қилинмаган, ўз иқтидорини юрт равнақи йўлида сафарбар қилишга тайёр миллиёнлаб ёшларимиз бор. Уларни катта куч сифтида бирлаштиришдек эзгу мақсад, бизни юқоридаги каби ташаббусларни амалга оширишга ундайди.

Юсуфжон Юсупов,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    183
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+