Улуғнорда интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича 52 та лойиха амалга оширилади

05.06.2020, 16:53

Улуғнорда интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича 52 та лойиха амалга оширилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Улуғнор туманида “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, балиқчиликда интенсив усулда балиқ етиштириш бўйича режалаштирилган 52 та лойиҳа моҳиятига алоҳида эътибор берди.

-Улуғнор тумани вилоятда интенсив балиқ етиштириш бўйича наъмунали туманга айлантирилиши режалаштирилган, - дейди депутат. - Ушбу лойиҳаларни амалга оширилиши учун 78 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Натижада 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳалар ишга тушгач, ҳар йили 5 минг тонна қўшимча балиқ етиштирилади.

Ташрифдан кўзланган яна қатор мақсадлар депутатни ер майдонларидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида кооперациялар иштирок этадиган йўналишларни ўрганиш, зарур ҳолларда муаммоларига кўмаклашиш учун туманнинг барча соҳалардаги имкониятларини таҳлил қилишга ва шу орқали ечим топмаётган масалаларни ҳал қилишга ёрдамлашишига ундади. Айни вақтда туманда 93 та контурда жами 947,5 гектар ер майдонлари танлаб олинган бўлиб, уларнинг 139 гектари қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш,  809 гектари эса ер ости сув заҳираси мавжуд бўлган  ер майдонларни ўзлаштириш ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирлар учун 15 миллиард 650 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Ҳозирда қишлоқ хўжалигида кооперацияларида иштирок этадиган парранда боқишга жалб қилинадиган 100 та оилаларга 500 минг сўмдан маблағ ажратиш ишлари бошлаб юборилган.

Улуғнорда қуёнчиликни ривожлантириш йўлида ҳам кенг кўламли ҳаракатлар бошланган. Бу борада Исломжон Иброҳимовнинг ташаббуси хайрли. Тадбиркор, фермер томонидан “Улуғнор юксалиш сари” кластери ташкил этилган. 200 та хонадонга 10 бошдан 2000 бош қуён етказиб беришни ният қилган ишбилармоннинг тажрибаси оммалаштирилмоқда. Бугунга келиб унинг ҳаракати билан 10 та хонадонда 100 бош қуён боқиш йўлга қўйилди.

-Аммо ўрганишларимиз натижасида бу йўналишда муаммога дуч келдик, - дейди О.Отахонова. – Қуёнлар аҳоли вакилларига етказиб берилмоқда, бироқ уларни боқадиган қафаслар қиммат. Айтайлик, 10 дона қуён парвариш қилинадиган қафаснинг нархи 3 миллион 200 минг сўмни ташкил қилади, уларни сотиб олишга хонадон эгаларининг имконияти етарли эмас. Аслида қуёнчиликни ривожлантириш ҳам аҳолини камбағалликдан чиқариш бўлса, бундай нархлар билан улар яна даромад олишда ютқазмайдими? Шунинг учун ҳам қуён боқишга мўлжалланган қафасларни субсийдия орқали етказиб бериш таклифини кўриб чиқиш, қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ.

Албатта, аҳоли ўзи суянган, ўзи ишонган инсонга дардини айтишга кўниккан. Ўша инсон депутат сифатида бугун майдонга чиқди. Қайси ҳудуд, қайси сайловчи бўлмасин, у халқ ноибига ишоняпти, муаммосини ҳал этилишини шу инсон билан боғлаяпти. Бу ишонч эса янада масъулият, янада шижоат билан ишлашни тақозо қилади.

Зилола РАҲМОНОВА.

  • Кўрилди
    1512
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+