Қонун лойиҳасига кўра ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қилинади

05.06.2020, 17:01

Қонун лойиҳасига кўра ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўлиқ ҳимоя қилинади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган ва давлат ҳимоясида. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100,0 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.

Туғма хасталик ёки ҳаёт давомида орттирилган бирор оғир касаллик ва фавқулодда ҳолатлар туфайли меҳнат қобилиятини йўқотган инсон ўзгаларнинг доимий кўмаги, меҳр-эътиборига муҳтож бўлади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида атрофлича муҳокама қилинаётган Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси мамлакатимизда аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратишга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.

Бугун O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партиянинг ҳудудий Кенгашларидаги “Аёллар қаноти” фаоллари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда ушбу йўналишдаги ННТлар ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакиллари билан бўлиб ўтган онлайн мулоқотда мазкур қонун лойиҳаси кенг муҳокамалар марказида бўлди.

Айтиш керакки, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун қабул қилинганига ўн тўрт йил бўлди. Мазкур ҳужжатда ногиронликка, асосан тиббий тушунча сифатида ёндашилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли даражада акс эттирилмаган эди. Вақт ўтиши билан соҳага янгича ёндашувлар кириб келмоқда. Масалан, БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, «ногирон» сўзи ўрнига «ногиронлиги бўлган шахс» атамаси татбиқ этилди. Бундан мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг муносиб турмуш кечириши, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароит яратишдир.

Шу муносабат билан халқаро тамойиллар ва миллий қонунчилик тажрибасидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаш бўйича янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати юзага келди. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасида ана шундай устувор вазифалар ўз ифодасини топган. Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига ҳам устувор эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳанинг аҳамиятга молик алоҳида жиҳати шундаки, ўндан зиёд моддаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг оилага ва оила муҳитига бўлган ҳуқуқи, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, уй-жойга бўлган ҳуқуқи каби бир қатор ҳуқуқлари аниқ нормаларда белгиланмоқда. Бу ҳам шу кунгача баҳсли ёки бўлмаса очиқ қолган барча масалаларга ойдинлик киритади.

Шунингдек, қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларга қулай жисмоний муҳит яратишга қаратилган қатор моддалар ҳам ўрин олди. Жумладан, ижтимоий инфратузилма объектларига кириш қулайлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш чоғида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари инобатга олиниши, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун транспорт воситасини қўйиш жойларини барпо этиш чоралари кўрилиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Онлайн мулоқотда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида жойларда ногиронлар йўналишида ишлаётган ННТлар  ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар билан ҳам бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳам таклифларини ўрганишга ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Келгусида мазкур ҳужжат жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланган ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳаётда эмин-эркин яшаши ва ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши учун, жамият ва давлат қурилишида ҳеч қандай тўсиқларсиз, имконияти етганича иштирок этишига хизмат қилади.

  • Кўрилди
    1226
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+