Меҳмонхона бизнеси ўзгаришга тайёрми?

06.06.2020, 08:58

Меҳмонхона бизнеси ўзгаришга тайёрми?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳаси ташаббускори томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қатор янги қоидалар киритилган. Хусусан, лойиҳада меҳмонхоналарда умумий хоналар фондининг камида битта хонаси ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланган бўлиши, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг тегишли эҳтиёжларига мувофиқ эълонлар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилиши таъминланган бўлиши кераклиги белгилаб қўйилаётгани фракция йиғилишида ҳам қизғин тортишув ва мунозараларга сабаб бўлди.

Албатта, меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган алоҳида хоналар бўлиши керак, буни инкор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Лекин ҳақли бир савол туғилади. Муайян вақт ва маблағ талаб қиладиган бу ўзгаришга ҳамма меҳмонхоналаримиз ҳам тайёрми?

Тўғри, амалиётда қонун лойиҳасида тадбиркорлик фаолиятига таъсир қиладиган нормалар мавжуд бўлганда қабул қилинганидан уч ойдан сўнг кучга киради. Бироқ, ушбу талабнинг ҳозирги пандемия шароитида энг кўп зарар кўраётган соҳалардан бири бўлган меҳмонхона бизнеси билан шуғулланадиган тадбиркорлар фаолиятига таъсирини ҳам ҳисобга олмай иложимиз йўқ.

Хўш, битта хонани қайта тайёрлаш, кенгайтириб тегишли қурилмалар билан жиҳозлаш қанчага тушади? Қурилмалар хорижда ишлаб чиқариладиган тақдирда буюртма қилиб, етказиб келгунича уч ойлик муддат етарли бўладими?

Янги қурилаётган ва лойиҳалаштирилаётган меҳмонхоналарда ушбу талаб албатта инобатга олинади, лекин, ҳозирда фаолият кўрсатмаётган, жумладан, пандемиядан кейинги даромади сўроқ остида турган меҳмонхоналар, айниқса, кичик меҳмонхоналарга бу талаб оғирлик қилиши мумкин.

Юқоридагиларга асосланиб дастлаб билдирилган таклиф ва фикрларни ривожлантирган ҳолда қонун лойиҳасини Туризм хизматлари, Меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситалари, Таснифлаш тизими бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти (OʼzDST 3296:2018)га мувофиқлаштириш зарур. Негаки, давлат стандартига кўра тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарда умумий хоналар фондининг бир фоизи, бироқ биттадан кам бўлмаган хонаси ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган бўлиши шартлиги белгиланган.

Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 2021 йил 1 январга қадар субсидия ажратиш белгилаб қўйилганини ҳам қайд этиш жоиз.

Унга кўра субсидия, яъни инвесторларга меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан бир маротаба ажратиладиган маблағлар 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўмни, 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил этади.

Шундан келиб чиқиб, уч юлдузли меҳмонхоналар учун ҳам субсидия ажратилаётганини инобатга олган ҳолда, шунингдек, қамровни кенгайтириш мақсадида қонун лойиҳасида меҳмонхона ва ўхшаш жойлаштириш воситаларида умумий хоналар фондининг бир фоизи, бироқ биттадан кам бўлмаган хонаси ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ҳамда эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланганлиги, тегишли дисплейлар ва овозли қурилмалар билан таъминланган бўлиши, уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари учун мажбурий, бошқа тоифадаги меҳмонхоналар учун ихтиёрийлиги белгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Фақат шундагина Давлат стандартига уч юлдузли меҳмонхоналарда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган хона бўлиши шартлиги тўғрисидаги қонун талабидан келиб чиқиб ўзгартиш ва қўшимча киритиш лозим бўлади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қонун лойиҳасида уч юлдузли меҳмонхона ҳамда ўхшаш жойлаштириш воситаларининг ўз аксини топиши ҳисобига ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган хоналар қамровининг ошишига эришилади. Энг муҳими, кичик, молиявий имконияти ва шароитлари чекланган бир ва икки юлдузли меҳмонхоналарга улар фаолиятининг оғирлаштирувчи талаблар қўйилишининг олди олинади.

Ботир МАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    195
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+