Олтинкўллик O‘zLiDeP фаоли пальма кўчатини экиш учун 10 гектар ер ажратиб беришини сўради

09.06.2020, 16:10

Олтинкўллик O‘zLiDeP фаоли пальма кўчатини экиш учун 10 гектар ер ажратиб беришини сўради

Олтинкўллик Усмонжон Шокиров асли шифокор. Аммо сиёсат олами билимдонларидан бўлган бу инсоннинг гулга ишқи тушган. Туманнинг Далварзин маҳалла фуқаролар йиғинидаги 1,5 гектардан иборат гулбоғи кўзни қувнатади. Майдондаги 5 та иссиқхонадан ташқари бўш турган ерни кўрмайсиз, кафтдек жойда ҳам минг турфа гул кўчатлари парвариш қилинмоқда.

Ўн турдан зиёд гул кўчатлари, манзарали дарахт ниҳоллари харидоргир. Айниқса, арчанинг 4 хили, берёза, павлония, қрим соснаси, пальма, барбарис каби манзарали дарахт кўчатлари парваришидан ташқари ерларга экилган лимон аллақачон ҳосилга кирган.

-Ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш керак, - дейди У.Шокиров. – Ерга меҳр берсаккина, ундан меҳр оламиз. Ернинг бизга меҳри нима? Албатта, экинларнинг ҳосили, оладиган даромадимиз. Айни вақтда 5 нафар доимий ишчи ўрни яратганмиз, 40 нафар мавсумий иш учун маҳалладаги кам таъминланган оилалар аъзоларини жалб қилганмиз.

Уларга кунлик иш ҳақидан ташқари рўзғор учун зарурий маҳсулотлар берилиши ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, айни карантин даврида партия фаолидан яна бир ташаббус илгари сурилди. У ўзи раҳбарлик қилаётган “Хуршид” хусусий шифохонасида эҳтиёжманд оилалар учун имтиёзли даволанишни йўлга қўйди. Ётоқ тўловининг бекор қилиниши ҳамда дори-дармонлар олинишида чегирмалар чинакам саховат бўлгани аён.

Пандемия бутун мамлакат аҳлини саросимага солган бир вақтда У. Шокиров томонидан тумандаги Далварзин, Кўмакай МФЙлар аҳолиси учун гул ва манзарали дарахтлар кўчатлари бепул етказиб берилди. Шунингдек, ҳудуддаги бўш турган 1,5 гектар ер майдонига булғор қалампири, бақлажон, картошка, ерёнғоқ, ошқовоқ экиб, мазкур ишларда 46 нафар фуқаро бандлигини таъминлади.

Дарҳақиқат, бугун даврнинг ўзи ташаббускор бўлишни талаб қилмоқда. У.Шокиров билан суҳбатлашганимизда, яна бир таклифни ўртага ташлади:

-10 гектар фойдаланилмай турган ер майдони керак. У рега пальма кўчатларини экиб, парвариш қилмоқчиман. Бунда 10 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади. Мазкур фаолият орқали 200 минг доллар даромад олишга эришиш мумкин. Бизнес лойиҳам деярли тайёр. Маблағим ҳам бор. Фақат ер керак. Шундай бўш турган ер майдони топилса, мутасаддиларга мурожаат билан чиқиб, ижобий ечимга эришиш ниятидаман.

Айрим фуқаролар “олма пиш, оғзимга туш” дея боқимандалик кайфиятидан чиқиб кетолмаётган бир вақтда мана шундай ташаббускор, илғор фикрли инсонларнинг тажрибаси оммалаштиришга, ибрат қилишга арзийди.

Зилола РАҲМОНОВА

  • Кўрилди
    566
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+