O'zLiDeP депутати “Чақар” маҳалласидаги муаммоларни назоратга олди

11.06.2020, 15:50

O'zLiDeP депутати “Чақар” маҳалласидаги муаммоларни назоратга олди

Бу муаммо бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Азалдан мавжуд ва “бугун ҳал бўлар, эрта ҳал бўлар” деб шу кунгача етиб келган. Гап шундаки, Қарши шаҳридаги “Чақар” маҳалласи кўчалари жудаям тор. Битта машина аранг сиғади. Агар икки автомобил бир-бирига рўбару келиб қолса, қайсидир орқасига тисарилиб, иккинчисига йўл бериши керак. Буям майли, маҳаллада  176 та оила ер участкага муҳтож.

– “Тошкент”, “Бунёдкор”, “Кулол”, “Косагарлик”, “Таймир мачит”, “Атоий”, “Шарафбой”, “Фузулий” ва “Нурота” кўчалари жуда торлигидан, меъморий қиёфаси йўқлигидан аҳоли юк машинаси билан бирор-бир юмушни бажара олмайди, - дейди “Чақар” МФЙ раиси Норгул Мустафоқулова. - Айнан шу кўчаларда яшовчи 176 нафар оилада ер участкага зарурият сезилиб турибди.  Бу ҳали ҳаммаси эмас, “Бунёдкор” ва “Тошкент”  кўчаси туташган жойда тадбиркор томонидан болалар ўйингоҳи қурилганидан биз хурсанд бўлган эдик. Аммо шу ўйингоҳ туфайли “Бунёдкор” кўчасидаги 1-, 3-, 5-, 7- уйларни сув босиб, авария ҳолатига келиб қолган. Ё, қурилганидан буён ишламай турган ўйингоҳни кўчириш керак, ёки “Бунёдкор” кўчасидан сувни чиқиб кетиши учун қувур тортиш керак. Яна бир муаммо шундан иборатки,  “Насаф” кўчасида тадбиркорлар томонидан савдо дўконлари қурилаяпти. Буям аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Чунки бу дўконлар кўчани торайиши эвазига қурилаяпти-да. Тор кўчадан ҳунармандлар юк машинасида уйига ёғоч олиб бориши ёки бошқа юмушларни бажаришга жуда қийналишмоқда.

“Чақар” маҳалласи раиси Норгул Мустафоқулова бу муаммоларни шу ҳудуддан сайланган O'zLiDeP Қарши шаҳар Кенгаши депутати Арзиқул Шеров билан суҳбат жараёнида баён этди. Бинобарин, депутат Арзиқул Шеров  маҳалла фаолиятини чуқур ўрганиб, барча муаммоларни назоратга олди. Ҳал этиш борасида масъул ташкилот раҳбарлари билан учрашишни, уларга депутатлик сўрови юборишини маълум қилди.

Маҳаллада яшовчилардан кимдир “аралашмаган бир депутат қолувди, шуниям кўрайлик-чи” дея  луқма ташлади. Унинг гапи оҳангидан маҳалла аҳли бу масалада кўплаб ташкилотлар эшигида сарғайган кўринишади. Масала ечим топмагач, уларда ишончсизлик пайдо бўлган-да. Хўш, энди-чи, депутат одамлар жонига аро кирадими? Буни эса вақт кўрсатади. Мавзуга яна қайтамиз.

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    612
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+