Абитуриентларга қандай имкониятлар бериляпти?

18.06.2020, 10:11

Абитуриентларга қандай имкониятлар бериляпти?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини изчил ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, олий маълумотли, илмли бўламан деган ёшларимизнинг таҳсил олиши учун янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилмоқда.

Олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади. Шу сабабли ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти берилиб, уларнинг таълим олиши учун барча қулайликлар яратимлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июндаги “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада муҳим қадам бўлди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Шу билан бирга 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул квоталари  тасдиқланиб, бакалавриатнинг  кундузги таълим шаклига 103 575, сиртқи таълим шаклига 31 350 ва кечки таълим шаклига 5 025 нафар талаба қабул қилинмоқда. Эътиборли жиҳати, кириш тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади.

Қарорда 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилиши ҳам белгиланган.

Фарғона вилоятининг Сўх тумани учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосидаги 500 та ўрин миқдоридаги мақсадли қабул параметрлари ажратилиши назарда тутилган.

Шунингдек, қарор билан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари(ОТМ)га ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш ҳуқуқи берилиб, “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгилаб қўйилди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг қарорида жорий ўқув йилидан бошлаб математика бўйича магистрлар тўлиқ давлат гранти асосида таҳсил олиши белгиланиб, келгуси ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларида фақат давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларини белгилаш кўзда тутилмоқда. Бу эса, олий маълумот оламан, юрт ривожига ўз ҳиссамни қўшаман, деган кўплаб йигит-қизларимизнинг орзуларини рўёбга чиқаришга замин яратади.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    781
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+