Пальма ёғи инсон саломатлиги учун нега хавфли?

18.06.2020, 10:16

Пальма ёғи инсон саломатлиги учун нега хавфли?

Пальма дарахти ҳақида эшитгансиз, аммо унинг меваси мағизидан олинадиган ёғи ҳақида-чи? Бу ёғнинг асосан, озиқ-овқат маҳсулоти сифатида қўлланилиши, шунингдек, ундан биодизел ёнилғиси, косметика ва совун маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилиши ҳақида маълумотлар бор. Бу яхши, аммо ундан бошқа мақсадларда фойдаланилаётгани, унинг инсон организмига зарарли томонлари борасида ҳам бугун баҳсли мунозаралар бўлаётгани бежизга эмас.

Бир жиҳатга аниқлик киритиб олайлик. Пальма ёғи икки хил усулда, икки хил мақсадда олинади. Яъни, қизил пальма ёғи ўсимликнинг мевасидан олинади ва у фойдали бўлса-да нархи қиммат. Хом пальма мевасининг мағзидан сиқиб чиқариладиган ёғни эса фақат техник мақсадларда қўллаш мумкин. У саломатлик учун ўта зарарли. Лекин қизил пальма ёғига нисбатан таннархи анча арзон. Қолаверса, транспортировка ҳамда яроқлилик муддатининг узоқлиги сабабли ҳам бутун дунёда ундан кенг фойдаланилади.

Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, пальма ёғи А ва Е витаминларига ҳамда линолевая кислотасига бой бўлса-да, у рафинация ва гидрогенизация жараёнида йўқолиб кетади. Бу жараёнда ёғ таркибида табиий сунъий трансёғларнинг юқори концентрацияси ва таркибида палмитин кислотасининг миқдори ошиб кетади. Бу эса инсонларда юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқаради.

Энг ёмон томони, бугун айрим озиқ-овқат, хусусан, қандолат, сут маҳсулотлари таркибига сут ёғи ўрнини босувчи сифатида техник пальма ёғи қўшилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айниқса, техник мақсадларга, мисол учун биодизел ишлаб чиқаришга мўлжалланган пальма ёғидан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётгани турли бахс- мунозараларга сабаб бўляпти. Нега дейсизми? Чунки техник пальма ёғини озиқ-овқат маҳсулотларига қўшиш мумкин эмас, у инсон саломатлигига катта хавф туғдиради.

Пальма ёғи пальма мевасидан 40 даражагача ҳароратда қайта ишлаш жараёнида олинади. Бу ёғ эритилганда ҳам 38-40 даражада парчаланади. Инсон танаси ҳарорати эса бор-йўғи 36,6 даража. Демак, овқат таркибида организмга кирган пальма ёғи ҳазм бўлмай қолиб кетади. Бора-бора томирларга ва аъзоларга йиғилади. Қон томирлар йўлини тўсиб, атеросклероз, гипертония, инсультга олиб келади. Шу сабабли одам кам еса ҳам, кўп ҳаракат қилса ҳам семираверади.

Минг афсуски, ундан айрим ишлаб чиқарувчилар музқаймоқ, сметана, пишлоқ, қаймоқ ва сариёғ таркибига аралаштирмоқда. Бу эса кишида семизликка мойилликни келтириб чиқаради ва юрак-қон томир касаллигининг кўпайишига олиб келади.

Пальма ёғининг таркиби ҳақида кўп тадқиқотлар ўтказилган. У ошқозон ишлаш жараёни, юрак, жигар, буйрак ва ўпкага ўзининг салбий таъсирини кўрсатадиган токсинлар ишлаб чиқаради. Кўп мамлакатларда бу ёғ соғлиқ учун зарар деб топилгани учун ишлатилиши тақиқланган. Негаки, у эркаклардаги бепуштлик касалликларига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Пальма ёғи шунингдек, ошқозонда «шлак»лар пайдо қилади. Қовурилган овқатлар таркибига қўшилган ёғ, таом қайта иситилганида ўзидан зарарли моддалар ишлаб чиқаради. Шифокорларнинг хавотирига кўра, ҳатто бу ёғ кўп истеъмол қилинганда буқоқ, рак касалликларига ҳам олиб келиши мумкин экан. Ваҳоланки, айнан шу касалликлар туфайли дунёда қанчадан-қанча инсон ногирон бўлиб қолиши, ҳаётдан эрта кўз юмиши инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир.

Пальма ёғидан юқоридаги нотўғри мақсадда фойдаланилаётгани, инсон саломатлигига хавф солиш эҳтимоли юқорилиги учун кўплаб давлатлар унинг импортига чекловлар қўяётганини кўрамиз. Масалан, қўшни Тожикистонда жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб пальма ёғини олиб кириш тақиқи кучга кирган. Маҳсулотнинг республикага киришининг назорати эса божхона органига топширилган.

Пальма ёғининг органолептик ва физик-кимёвий сифат кўрсаткичлари республикамизда «Ўзстандарт» агентилиги, «УзТест» ДУКнинг марказий ва вилоятлардаги филиалларидаги аккредитатланган синов лабораторияларида текширилади. Гигиеник (хавфсизлик) кўрсаткичлари эса Давлат санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари қошидаги лабораторияларда синовдан ўтказилади. Пальма ёғининг инсон организми шунча зарари бўлса, демак, ушбу синов назоратини янада кучайтириш, аниқ мезонларини белгилаш лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тегишли ташкилотлар озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига қўйилган талабларни халқаро меъёрлар билан уйғунлаштириши керак. Четдан олиб кирилаётган ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ёғ-мой маҳсулотларини мажбурий давлат назоратига татбиқ этилса, хавфнинг олди олинган бўларди. Бу борада эса божхона назоратини ҳам кучайтириш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Фахриддин САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

O'zLIDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    2481
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Zohid2020-06-18 19:57:14

Shunchalik zararli ekan bizda ham taqiqlansa bulmaydimi Deputatlar oliy majlisda kurib chiqishsa yahshi bulardi


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+