Ишчи гуруҳ ишласин-да

18.06.2020, 14:49

Ишчи гуруҳ ишласин-да

Шу кунларда жойларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар амалга ошираётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар фаолият олиб боряпти.

Парламент қуйи палатаси депутати, Навоий вилоятидаги ишчи гуруҳ аъзоси Ақшагул Тулегенова шаҳар, қишлоқ, маҳалла ва турли ташкилотларда одамлар билан учрашиб, амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишяпти.

У Конимех туманида бўлганида давлат томонидан кўмак берилган икки камбағал оиланинг бугунги аҳволи, шарт-шароитини бориб кўрди. Бир ой муқаддам Нурафшон кўчасида яшовчи Болнур Алиеванинг ўз томорқасида паррандачилик, Гагарин кўчасида истиқомат қилувчи  Қуттигул Байшиеванинг эса деҳқончилик билан шуғулланиши учун банкдан имтиёзли микрокредитлар олиб берилганди. Лекин улар сув танқислигини ҳал қила олмадилар. Шундан кейин ҳовлиларга ҳар бири 1 миллион 100 минг сўм турадиган насос­лар ўрнатиб берилди. Депутат бу оилаларнинг ўз томорқаларида экин парваришлаётганига, товуқ боқаётганига гувоҳ бўлди.

 Маълумки, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ердан оқилона фойдаланишга ўргатиш, бошқа мамлакатларга иш ахтариб чиқиб кетиш­ларининг олдини олиш мақсадида “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга мувофиқ ер майдонлари йигит-қизлар ихтиёрига берилаётир.  Келажагимиз эгалари бу имкониятдан унумли фойдалана оляптими? Парламентдаги вакилимиз ана шу масала билан ҳам қизиқди.

Конимехлик тадбиркор Илҳом Изимов бошини қовуштириб турган 100 нафар ёшга субсидия асосида 16 гектар ер бўлиб берилган эди. Айни пайтда бу ерда картошка, лавлаги ва ловия барқ уриб ўсмоқда. Ёш-ялангларнинг елиб-югуриб, 1,5 км масофадан қувурлар орқали сув келтиришгани ҳам таҳсинга лойиқ.  

– Баъзи қийинчиликларга қарамай, ёшларимизнинг ишга астойдил киришгани, деҳқончилик сир-асрорини эгаллашга интилаётгани қувонарли ҳол, – дейди А. Тулегенова. – Улар давлатимиз мададини ҳис қилишяптики, бу ёшлар қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлайди.

Ишчи гуруҳ вакиллари ўрганишлар, мулоқотларни давом эттиришяпти.

O‘zLiDeP Навоий вилояти

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    960
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+