Эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам кексалик пенсиясини оладилар

18.06.2020, 15:47

Эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам кексалик пенсиясини оладилар

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимиз тараққиёти жадаллашмоқда, ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда. Айниқса, тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар, имтиёзлар уларни янада шижоат билан ишлашга, янги ташаббусларни илгари суришга ундамоқда. Албатта, бу борада қабул қилинаётган қарор ва фармонлар ижросини таъминлаш муҳим аҳамият касб этаётир.

Маҳалламизда автомобилларни ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш хизматларини амалга оширадиган кичик тадбиркорлик объекти бор. Ёшгина йигитнинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил қилинган. Айтиш жоиз бўлса, тадбиркорликнинг илк қадами. Яқинда шу йигит билан суҳбатлашиб қолгандик. У шу фаолияти орқали ҳам келажакдаги пенсия таъминотига ҳисса қўшиб туриши мумкинлиги хусусида қизиққанди. Содда қилиб айтганда, бу давлат корхонаси бўлмасада, шу фаолиятини давом эттириб турса, давлатга маълум маънода тўловни амалга оширса, кексалик пенсияси оладими, деган савол эди. Очиғи ўша паллада бу саволга тўла  ва аниқ жавоб беришга ўйлангандим. Чунки, у ўзи айтганидек, давлат ишида ишламайди. Лекин у ўзини-ўзи маълум фаолият тури билан банд қилди. Шу масалада давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни вазиятда соҳадаги ислоҳотларнинг кенгайтириш билан бир қаторда юқоридаги каби саволларга аниқ ва изчил жавоб бўлиб хизмат қилди. Хусусан, ушбу муаммога ҳам мазкур қарор орқали ечим берилди.  Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Ахир бу оддий халқ учун чинакам имконият дегани эмасми?!

Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Энг муҳими, мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилди. Бу, албатта, камбағалликни қисқартиришда, иқтисодиёт барқарорлигида муҳим аҳамият касб этади.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    911
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Бахтиёр2020-06-18 21:07:40

Яхши болипди мен хам пенция оламан экан.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+