O'zLiDeP депутатлари Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди

22.06.2020, 14:26

O'zLiDeP  депутатлари Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ва партия фаолларидан иборат вилоят ишчи гуруҳи карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда пандемия даврида тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларини оёққа туришида ёрдам бериш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, "Саховат ва кӯмак" умумхалқ ҳаракати доирасидаги амалий ишларни изчил давом эттирилишини таъминлаш мақсадида Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳридаги тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳозирги пайтдаги иш фаолияти билан танишди.

Дастлаб, ишчи гуруҳ аъзолари Ш.Рашидов туманидаги “BAXORA TEX” МЧЖ фаолияти билан танишди. Мазкур корхона жами 170 иш ўрнига мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда аёллар ва қизлар, эркаклар кийимлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу корхонага туман ҳокимлиги томонидан 75 млн. сўм маблағ ўтказилиб берилган ва қўшимча равишда маҳаллалардаги ишсиз 80 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминлаган.    

- Президентимиз фармонига мувофиқ, ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши, ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган тўловлар кечиб юборилиши натижасида тежалган маблағни, сармоя ва айланма маблағ сифатида ишлатиш имконига эга бўлдик, - дейди “BAXORA TEX” МЧЖ раҳбари Феруза Ўроқова. - Натижада корхона филиали сифатида яна битта цех ташкил этилди.

 Халқ депутатлари вилоят, туман кенгаши депутатлари кўмагида Қаҳрамон маҳалласидаги 30 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги  ишсиз хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди ва улар мазкур цехга ишга жойлаштирилди. Айни пайтда мазкур корхонада  карантин қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда барча цехларнинг узлуксиз фаолият олиб бориши учун барча шароитлар яратилган.

Шароф Рашидов туманидаги “Жиззах индустриал тўқима” МЧЖ пахта тўқимачилик кластери корхонаси ўз фаолиятини бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бироқ, қисқа вақт ичида йилига 3 минг тонна пахта толасидан ип йигиришга мўлжалланган корхонада 240 та иш ўрни яратилди.

 Яратилган имтиёз ва имкониятлардан келиб чиқиб корхонада келгусида  йилига 1,5 минг тонна матони бўяш, 1 минг тонна мато тўқиш, 1 миллион дона трикотаж-тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу эса туман хотин-қизлари учун қўшимча 425 нафар иш ўрни яратилади деганидир.     

  Ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Шароф Рашидов туманидаги офис, ошхона ва ётоқхона мебеллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Best mebel lyuks” МЧЖ  бўлди.

Ушбу кичик корхона ёш тадбиркор Мурод Худойқулов ташаббуси билан “Ёшлар - келажагимиз” давлат дастури доирасидаги 1 млрд.сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига ташкил этилган. Бугунги кунда  корхонада 20 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда. Мазкур масканда ёшлар каворкинг маркази ҳам ташкил этилган. Ҳозирги кунда ички бозорга аҳоли учун зарур бўлган сифатли офис, ошхона ва ётоқхона мебелларини етказиб бермоқда.

 Мазкур корхонага бир йиллик кредит имтиёзлари берилган, бироқ Президентимиз фармонига мувофиқ, ижтимоий солиқ ставкаси туширилиши, ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган тўловлар кечиб юборилиши бўйича имтиёзлар берилмаган, қўшимча уларга банк кредитларини қайтариш муддати узайтириб берилмаган.

Корхона маъмурияти ушбу масалада вилоят ишчи гуруҳидан ёрдам сўрашди ва мазкур масала ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал этилишига келишиб олинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах шаҳридаги Олмазор маҳалласида жойлашган “Farali” бренди остида аёллар ва эркаклар кийимлари ишлаб чиқарадиган “NEWLAND” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги 600 нафар иш ўрнига мўлжалланган корхона фаолияти билан ҳам танишдилар.

Мазкур корхонада халқаро жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Президентимизнинг бевосита топшириқларига кўра мазкур корхонага ҳам солиқлар бўйича имтиёзлар ва банк кредитларини қайтариш муддатлари узайтириб берилган. Корхона солиқлар ва пенялари бўйича кечиктирилган тўловлар кечиб юборилиши натижасида тежалган маблағни, сармоя ва айланма маблағ сифатида ишлатиш имконига эга бўлди. Тежалган маблағлар ҳисобига келгусида 300 нафар иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда халқ депутатлари Жиззах вилояти ва шаҳар кенгаши депутатлари  маҳалла фаоллари кўмагида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизлар рўйхатини шакллантирмоқдалар.

Президентимизнинг коронавирус пандемияси давридаги  фармон ва қарорларида белгилаб берилган топшириқлар ижроси юзасидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш борасидаги ишлар барча туманларда давом эттирилади.

Мелиқўзи Омонлиқов

O`zLiDeP Ш.Рашидов туман

Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1034
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+