Марҳамат туманида цемент завод қуриш таклифи ўринли, аммо...

22.06.2020, 15:39

Марҳамат туманида цемент завод қуриш таклифи ўринли, аммо...

Марҳамат туманида Улуғтоғ бор. Тошнинг кони. Қўшни Фарғонанинг Қувасой туманида ушбу тоғ тошларининг харидорлари талай.  Аммо марҳаматликларнинг ташаббуслари ичида. Тайёр имконият бору, негадир ижро пайсалланаётгани қизиқ?

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши масъулларидан иборат ишчи гуруҳнинг мазкур тумандаги халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари билан мулоқотлари давомида кўплаб таклифлар ўртага ташланди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада илгари сурилган таклифлар орасида туманнинг долзарб муаммолари ечими учун ташаббуслар ҳам қанот ёзди.

Юқорида келтирганимиз, Улуғтоғнинг имкониятларидан етарли фойдаланиш зарур. Чунончи, туманга цемент заводи қуриш керак. Бироқ аҳоли яшаш жойларидан узоқроқ бўш турган майдон борми? Негаки, бундай тадбиркорлик объектлари имкон қадар аҳоли уй-жойларидан узоқда қурилиши лозим. Бу билан инсон саломатлиги муҳофаза қилинади, албатта. Саволимизга халқ депутатлари туман кенгаши депутати Шавкатбек Абдураззақов атрофлича жавоб берди:

-“Янги ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Охунбобоев массивида фойдаланилмай турган адирликлар бор. Истиқомат хонадонларидан бирмунча олис, завод барпо этиш талабларига тўла жавоб беради. Агар лойиҳа ишлаб чиқилиб, қўллаб-қувватланса, тумандаги 3000 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланади. Шунингдек, ушбу тоғ тошларидан арматура олинса ҳам бўлади. Демак, яна бир шунга ихтисослашган завод қуриш мумкин.

Таклиф ўринли. Туманда шундай салоҳиятли тадбиркорлик объектига эҳтиёж бўлсаю, мутасаддилар бунинг ижроси учун шошмасалар... бу не гап? Ахир ушбу таклиф қўллаб-қувватланса, ҳудуднинг табиий ресурсларидан исталганча фойдаланиш туман аҳлининг, ишбилармонларининг ўзига қолади, қанчалаб ишсизлар муаммоси бартараф этилади, фойдаланилмай турган ерлар ўзлаштирилади.

Хўш, мазкур ташаббуснинг ижросини қай бир ташаббускор мутасадди зиммасига ола биларкин? Таклиф кимни қизиқтирди, қани?...

Зилола РАҲМОНОВА,

O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати.

  • Кўрилди
    771
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Музаффар2020-06-23 17:19:17

Цемент ишлаб чикариш учун асосий хом-ашени 85℅и охак тошни ташкил этади, бу Мархамат туманидаги тогда мавжудми? Базальт тош мавжудлигини биламиз, асосий хом-аше мавжуд булса завод куриш мумкин.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+