Депутат сайловчи дарди билан яшаши керак

22.06.2020, 15:40

Депутат сайловчи дарди билан яшаши керак

Бу ҳаётий талаб. Зеро, халқ вакили ўз номига яраша сайловчилари манфаати йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этсагина бугунги халқчил ислоҳотлар энг чекка ҳудудларда ҳам ижросини топади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Дилбар Усмонова ҳам ушбу ҳаётий тамойилни ўз фаолиятининг дастуриламалига айлантира олган депутатлардан саналади. У халқ билан бирга бўлишда, аҳолининг, тадбиркорларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда фаоллик кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда депутат сайловчилари ҳузурида бўлиб, улар билан юзма-юз мулоқот  ўтказмоқда.

Д. Усмонова ўзи сайланган ҳудуд Қибрай туманида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субеъктлари, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган хонадонларда бўлиб, улар билан дилдан суҳбатлашди, муаммоларини жойида ўрганди ва ечимини топишга ҳаракат қилди.

Депутат дастлаб, тумандаги “Янги Унқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонларда аҳоли билан учрашиб, кичик бўлсада, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Самимий мулоқотлар давомида ушбу маҳаллада гўшт дўкони очиб, бугунги кунда аҳолига сифатли гўшт маҳсулотлари етказиб бераётган якка тартибдаги тадбиркор Шерзод Сидиқов пандемия даврида ҳукумат томонидан кичик бизнес вакиллари учун яратилган имтиёзлар мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ тушунча беришни сўради. Депутат  мавжуд имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Хусусан, сўнгги икки ой давомида пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди. Солиқлар сезиларли равишда камайтирилди. Лекин тадбиркор ушбу имтиёздан бохабар эканлиги, ижтимоий солиқ ставкаси туширилиши, ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган тўловлар кечиб юборилиши бўйича имтиёзлардан фойдаланмаганлигини айтиб ўтди.

Тадбиркор ушбу масалада депутатдан ёрдам сўради ва мазкур масала ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал этилишига келишиб олинди.

– Сайловчиларим билан навбатдаги учрашувда мени қувонтирган жиҳат шу бўлдики, улар бугун ислоҳотларни тўғри англаб, қўрқмасдан безнесга қўл ураяпти. Озми кўпми яқинларини иш билан таъминлаяпти.  Мисол учун “Янги Унқўрғон” МФЙда истиқомат қилувчи Шоира Тиллаева пандемия даврида ҳудудидаги кам таъминланган 4 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаб кичик тикувчилик цехини очди. Айни пандемия даврида ҳудуддаги аҳоли учун тиббий ниқоблар тикиб, арзон нархларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатиб келмоқда. Ш. Тиллаева фаолиятини кенгайтириш ниятида. Бу масалада унга қўлдан келганча ёрдам берамиз албатта, – дейди Д.Усмонова.

Давлатимиз раҳбари томонидан ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилиниши борасида митиёзлар берилган эди. Халқ вакили ўрганишлари давомида ушбу имтиёздан фойдаланиб, аҳолини иш билан бандлигини таъминлаб келаётган Нилуфар Рустамова хонадонида бўлди.

“Янги Унқўрғон” МФЙда истиқомат қилиб келаётган Нилуфар Рустамова   пандемия даврида маҳалласидаги кам таъминланган 6 нафар қизларни иш билан таъминлади. Бугунги кунда устоз – шогирд анъанасида уларни тарбиялаб, касб-ҳунарга ўргатиб келмоқда. Тадбиркор келажакда фаолиятини янада кенгайтириб қўшимча иш ўринлари яратишни мақсад қилган. Д. Усмонова бу борада тадбиркорга яқиндан кўмаклашишини айтиб ўтди.

 Депутатнинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда. Тафсилотлар билан таништириб борамиз.  

Диёра Гафурова,

O‘zLiDeP Тошкент

вилоят кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    1316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+