Партия “Аёллар қаноти” фаоллари иштирокидаги онлайн мулоқотда қонун лойиҳасига аниқ таклифлар билдирилди

29.06.2020, 17:26

Партия “Аёллар қаноти” фаоллари иштирокидаги онлайн мулоқотда қонун лойиҳасига аниқ таклифлар билдирилди

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан ҳудудий партия ташкилотларнинг аёллар билан ишлаш бўлими раҳбарлари ва фаоллари иштирокида онлайн мулоқот ташкил қилинди.

Унда пандемия даврида аҳолининг, айниқса хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уйда ўтирган аёлларни тадбиркорликнинг турли йўналишларига жалб қилиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилиб олинди.  

Мулоқотлар жараёнида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидагиЎзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокамалар марказида бўлди, қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 148-моддаси иккинчи қисмида аёлни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортганлик ёки ишдан бўшатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ, амалиётда ёш болани парвариш қилиш вазифаси эркаклар зиммасида ҳам қолаётганлигини инобатга олиб, ушбу моддага таҳририй ўзгартиш киритилмоқда.

Бундан ташқари, ҳимоя ордери берилган шахс томонидан келгусида шу турдаги ҳуқубузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг ички ишлар органлари томонидан берилган ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажариш чораларини кўрмаслиги мазмунидаги 2061-модда билан тўлдирилмоқда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 206-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқубузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий ишлар бўйича судьяларга юклатилганлиги сабабли таклиф этилаётган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам маъмурий ишлар бўйича судьяларга юклатилмоқда.

Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига (Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш) тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш юзасидан даъволари давлат божидан озод қилиниши қўшимча сифатида киритилмоқда.

Лойиҳанинг қабул қилиниши билан юқоридаги қонун ҳужжатларининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга мувофиқлаштирилишига эришилади.

Умуман олганда, ушбу қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши натижасида ички ишлар органлари томонидан хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилади, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тизими яратилади, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик чоралари кўрилади.

Онлайн мулоқотда мазкур қонун лойиҳасига партия аёллар қаноти фаоллари томонидан қатор таклифлар, мулоҳазалар билдирилди.

O'zLiDeP Аёллар қаноти

  • Кўрилди
    137
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+