Ишончимиз, таянчимиз ва эртамизнинг эгалари

30.06.2020, 16:57

Ишончимиз, таянчимиз ва эртамизнинг эгалари

Ҳар йили 30 июнь  - “Ёшлар куни” сифатида нишонланадиган бўлди. Бундан нафақат ёшларнинг ўзлари балки кексаю ёш қувонди. Сабаби ёшларимиз бизнинг ишончимиз, таянчимиз ва эртамизнинг эгаларидир. Уларга қанчалик кўп ғамхўрлик қилинса, юрт тараққиётига шунча кўп фойдаси тегади.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида  истиқомат қилаётган 3 205 105 нафар аҳолининг 1 935 708 нафари ёки 60,3 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Шундан, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 1 027 783 нафар ёки 53 фоизини ташкил қилади.

Хўш, бу статистика нимани англатади? Гап шундаки, вилоятимизда яшаётган аҳолининг 60 фоиздан юқорироғини ёшларимиз ташкил этар экан, бу жуда катта куч. Бу воҳамиз истиқболи, келажаги ишончли қўлларда деганидир.  Мана масалан, ёш тадбиркорлар сони 7 011 нафар бўлса, шундан 2 928 нафари хотин-қиз тадбиркорлардир. Ёш фермерларимиз сафи 1 079 нафардан зиёд, шундан 149 нафари хотин-қиз ана шу машаққатли касб этагини тутишган. Вилоятимизда ёш ҳунармандлар 676 нафар ва уларнинг  273 нафари қўли гул аёлларимиздир.

Шу билан бир қаторда, вилоятимизда ўғил-қизлар бандлигини таъминлашда ёшларимизнинг ўзлари ташаббус кўрсатишмоқда. Бунга мисол сифатида ёш тадбиркорларимизнинг 275 та истиқболли лойиҳалари  молиялаштиришга қабул қилинганини айтиб ўтиш ўринлидир. Бу лойиҳалар қиймати 75 миллиард 668 миллион сўмлик бўлиб, ишлаб чиқаришга жорий этилгач, 2 266 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланади. 

Бугунги шукуҳли кунларда “Мард ўғлон” Давлат мукофотига сазавор бўлган йигитларимиз номини шараф билан тилга олсак арзийди. Деҳқонободлик Элмурод Абдураимов “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган ғайратли йигитларимиздан. У 2008-2019 йилларда спортнинг шотокан каратэ тури бўйича вилоят ва мамлакат миқёсида ўтказилган мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллади. Элмурод хизмат вазифасини аъло даражада бажариш билан бирга, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари ўртасида ўтказиладиган комбат айкидонинг пичоқ жанги, нокдаун турлари, шунингдек, бокс, кикбоксинг, тош кўтариш бўйича нуфузли мусобақаларда ғолиблар сафидан жой эгаллаб келмоқда.

Вилоятимиз ёшлари орасидан 15 нафар Жаҳон чемпиони, 19 нафар Осиё чемпиони ва 642 нафар Ўзбекистон чемпиони чиққани ҳар биримизни ғурурлантиради. Ёш спортчи қизларимиздан Шоҳсанам Тошпўлатова 2019 йилда Англида ўтказилган сузиш спорт турида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Турсуной Жабборова эса Америка қўшма штатларида оғир атлетика бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади ва кўксини олтин медал безади. Суҳроб Ражабов, Муниса Эшқулова, Камронбек Нигматов, Камолиддин Расулов, Арслон Тожиев ва бошқа бир қатор  ёшларимиз ҳам жаҳон чемпионатларида ғолибликни эгаллашди. Бу натижалар вилоятимизда ёшларни спортга кенг жалб қилиш борасидаги ишлар яхши йўлга қўйилганидан далолат бериб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида қонунчилик палатаси ҳузурида "ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИ"ни ташкил этиш бўйича битим имзоланганини муҳим янгилик сифатида эътироф этмоқчиман.  "Ёшлар парламенти"га 18-30 ёшдаги ҳар бир Ўзбекистон фуқароси 2 йил муддатга сайланади. "Ёшлар парламенти" аъзоси амалдаги депутат ёки сенатор бўлиши мумкин эмаслиги йигит-қизларимизнинг ўзларини намоён этишлари учун яна бир имкониятдир.

Зеро, мамлакатимизда ёшларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, “Ёшлар куни” байрам қилинар экан, бунга ўғил-қизларимиз ҳар томонлама муносибдир. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ёшлар!

Маъмуржон АБДУЛЛАЕВ,

O'zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

ёшлар билан ишлаш бўлими мудири.

  • Кўрилди
    588
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+