Бизга билдирилган ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз

01.07.2020, 17:14

Бизга билдирилган ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз

Жамиятнинг келажаги ёш авлодга, унинг қандай жамият ва қандай шароитда камол топаётганига боғлиқ. Шунинг учун ҳам истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиши учун барча шароитлар яратилди. Айниқса, сўнгги уч йилда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ватанимиз тарихида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланди. Бугунги кунда Ўзбекистон ёшларининг соғлигига, маънавий баркамол, соф виждонли, халқпарвар, чуқур билимли ва касб-ҳунар эгалари бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшаётган бахтиёр ёшлар бугун ўз олдиларига эзгу ва улуғ мақсадларни қўйиб, ўз куч, билим ва тафаккурларига таяниб, кўзлаган юксак мақсадларига эришиш йўлида олға интилмоқдалар.

Президентимизнинг куни-кеча Ўзбекистон ёшларига йўллаган Байрам табригини катта қизиқиш билан ўқидим. Ундан ўрин олган, “Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда”, деган фикрлари барча ёшлар қатори мени ҳам тўлқинлантириш билан бирга, менга фахр-ифтихор туйғуларини бахш этди.

Шунингдек, Юртбошимиз томонидан “Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!”, дея билдирилган юксак эътироф ва ишонч бизни янада серғайрат ва тиришқоқ бўлишга, кўпроқ интилиш, изланишга руҳлантирмоқда.

Албатта, биз - ёшлар Президентимиз ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз!

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси.

  • Кўрилди
    742
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+