Президент талаби: Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак!

02.07.2020, 10:28

Президент талаби: Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак!

Андижон шаҳар “Наврўз” маҳалласида яшовчи A.Aбдукаримовнинг руҳий ва жисмоний босимлар остида ИИБ ходимлари томонидан ўлим топгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда роса бонг урилгани барчанинг ёдида. Воқеага ҳали кўп вақт бўлмади. ИИБнинг бу каби ҳатти-ҳаракати нафақат мутасаддиларни, балки бутун халқни ҳушёрликка чорлади. Демак, соҳада етарли кўникма, ирода, ходимларда ўзини қўлга ола билиш сифати суст.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон саломатлиги, қадр-қиммати биринчи ўринда бўлишлигини “унутаёзган” айрим соҳа вакиллари сабабли аҳолида орган ходимларига нисбатан ишончсизлик ортаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни соҳадаги муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Шу билан бирга юқоридаги каби нохуш ҳолатлар мисол тариқасида келтирилиб, Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди. Сабаби, тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермайди. Бундай фикрга келишга асослар етарли албатта.

Негаки, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган. Мана, адолатсизлик! Хўп, майли, адолат қарор топибди, аммо унга қадар оворагарчилик, асаббузарлик, ҳатто саломатликка путур етмайдими?!

Маълумки, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди. Эндиликда айни мезонни терговчиликка номзод танлашда ҳам қўллаш кераклиги тақозо қилинмоқда. Шунинг учун ҳам ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир қатор мутасадди идораларга тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни алоҳида қайд этиш жоиз. Жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани хусусида бўлган. Демак, судларда ҳам янада холисликни, шаффофликни  кучайтириш керак.

2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.

Видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи ҳам берилди. Қувонарли жиҳат шунда бўлдики, кўпчиликни сарсон қиладиган, суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечиладиган бўлди. Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, йиғилишда таъкидланган ҳар бир меъёрий банд соҳа ислоҳотига хизмат қилади. Бу билан, албатта, бир куч бўлиб, мутасаддилар билан ҳамкорликда иш ташкил қилсак, жойларда соҳага тааллуқли мурожаатларни ижобий бартараф қила олсак, халқимизнинг ИИБ ва коррупцион муаммоларига ечим топишга эришамиз.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

  • Кўрилди
    346
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+