Коррупцияга қарши курашнинг муҳим омили унга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишдир

02.07.2020, 11:03

Коррупцияга қарши курашнинг муҳим омили унга нисбатан муросасиз муносабатда бўлишдир

Ҳар бир давлат зиммасидаги мажбуриятларини  сидқидилдан адо этар экан, аввало ўз ҳимоясида бўлган халқининг, ҳар бир инсоннинг Конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш  ва уларни ҳимоя қилиш йўлида барча чораларни кўради.

Айрим давлат органлари томонидан ўз зиммасидаги вазифа ва функцияларини бажаришида ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган бюрократия ҳолатлари, давлат хизматларини кўрсатишдаги сансалорлик, инсонларнинг дарду-ташвишига бўлган бепарволик ва бефарқликнинг ўзи коррупцияга оид турли омиллардан айримлари ҳисобланади.

Биз ўз ҳуқуқларимиз ва мажбуриятларимизни билиб-билмасдан ўз эркинликларимиз ва қонуний манфаатларимизга нисбатан эътиборсизлигимиз оқибатида шаънимиз ва қадр-қимматимизни хавф-хатарга қўямиз… Афсуски, ўзимизнинг бунда ҳиссамиз бор, доимо «бирон-бир манфаатга» ҳаммадан олдин ўз тўғри йўлимизга ишониб, ҳалоллик туйғуларимизни чўнтагимизда унутиб қолдириб эришишни истаймиз, бошқаларни ҳам шунга ундаймиз, эссиз - мана шу тушунчаларнинг барчаси коррупцияга оид хавф-хатарлар эканлигини англамаймиз баъзида.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ва тарихий ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Юртимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартиришга қаратилган кенг кўламли чоралар кўрилаётгани ҳамда коррупцияга қарши умумдавлат миқёсидаги кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилаётганлиги туфайли «коррупциясиз соҳа», «ҳалоллик вакцинаси», «мақбул иш ҳақи», «комплаенс-назорат» каби янги тушунчалар ҳар бир инсоннинг онгу шуурига мустаҳкам жойлашиб қолди.

Аммо, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш зарурати бугун соҳада амалга оширилаётган эзгу ишларда фуқаролик жамияти барча кучларининг дахлдорлик билан иштирокини талаб қилмоқда.

Куни кеча, Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонни имзолади, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича мутлақо янги сиёсий форматдаги органи тузилди.

Бир қарашда, тузилган Агентликнинг ташкилий-ҳуқуқий мақоми вазирликлар ва давлат қўмиталари доираси каби белгилангандек. Бироқ, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришгандан сўнг имзолаган илк қонун ҳужжати «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонуни эканлигини ҳамда Олий Мажлис палаталарига шу йил январдаги Мурожаатномасида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли орган тузилиши лозимлиги тўғрисидаги тарихий даъватларини инобатга олсак, бундай Агентликнинг тузилиши жамиятимизнинг асрлардан бери кутган эзгу ниятлари ушалганлигинидан далолатдир.

Дарҳақиқат, аввало Агентликка ҳеч бир давлат органига юклатилмаган алоҳида вазифа – ҳар йили Президент ва Олий Мажлис томонидан кўриб чиқиладиган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида ҳар йиллик миллий маърузани тайёрлаш вазифаси юклатилмоқда. Бундай маъруза назаримда, бир томондан давлатнинг Олий ижроия ва Олий вакиллик органи олдидаги ҳисоботи бўлса, иккинчи томондан халқнинг ўз келажагига ва давлатига бўлган ишончи даражасидир.

Фармон билан мазкур органга биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имижига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш юкланди. Бундай таҳлил натижаларини тайёрлаш ва коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланилишига эришиш вазифаси бугунги кунгача ҳеч бир давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига юклатилмаганлиги эса Агентлик масъулиятини янада оширади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Агентликка норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш, коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузиш ва айниқса, давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида давлат буюртмачиси ISO 37001 коррупцияга қарши стандартини қўллашни кўзда тутувчи талабни ўрнатиш борасидаги вазифаларнинг белгиланишини Фармоннинг яна бир энг муҳим сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятига урғу деб ҳисоблаш мумкин. Чунончи, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳар бир давлатнинг яқин истиқболдаги ривожланишнинг стратегик ҳужжатлари сифатида муайян ижтимоий муносабатларни тартибга солиб борса, коррупцияни қабул қилиш миллий индексини белгилаш ва давлат харидлари соҳасида коррупциянинг олдини олиш - мамлакат иқтисодиётининг очиқлигини ва шаффофлигини таъмилашга ва шу орқали давлатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги кўрсатгичларини белгилайди.

Яна бир муҳим масалага эътибор қаратадиган бўлсак, фармонда ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими - “комплаенс-назорат” ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб борилиши ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари мансабдор шахсларининг ўз хизмат вазифаларига бўлган ҳалол муносабатининг шаклланишига хизмат қилади.

Шу маънода, Президент таъбири билан айтсак, «ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар фоизлар, рақамлар, қоғознинг ортидан қувмасдан, ҳар бир фуқаро учун, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун ишлаши шарт».

Биз, парламент аъзолари олдидаги энг муҳим вазифа – Президент Фармонининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига тушунтириб бориш, ҳозирда ишлаб чиқилаётган “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳалари юзасидан ўз таклифларимиз билан фаол иштирок этиб, уларнинг қабул қилиниши бўйича барча чораларни кўришимиз лозим.

Хулоса ўринда айтиш керакки, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакат тарихи, бугуни ва эртанги кунига дахлдор қонунлар ва қарорлар қабул қилинган тарихий саналар, тарихий қонунлар ва қарорлар адади жуда кам, улар доимо фундаментал аҳамиятга эга ҳужжатлар бўлган. Сўзсиз, мазкур Фармон мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Адҳам ШОДМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

 масалалари қўмитаси аъзоси

  • Кўрилди
    867
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+