Коррупция занжирини узиш осон кечадими?

02.07.2020, 15:41

Коррупция занжирини узиш осон кечадими?

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов бошқарди.

Видеоконференц алоқа тарзида ўтган йиғилишда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, – деди А.Ҳаитов. – Энг аввало, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Негаки, коррупцияга қарши қатъий ва изчил курашиш орқали тараққиёт пойдевори мустаҳкамланади, барча соҳада очиқлик, қонунийлик мустаҳкамланади. Энг муҳими, аҳолида давлат ҳокимиятларига нисбатан ишонч ортиб бораверади.

Таъкидланганидек, O'zLiDeP сайловолди дастурида раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган, парламентга ҳисобдор, прокуратура, ИИВ, ДХХдан мустақил фаолият юритадиган алоҳида давлат органлари – Коррупцияга қарши кураш ва Тергов департаментларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш устувор масала сифатида белгиланиб, бу борада ғалаба қозониш ва “тоза қўллар” сиёсатини амалга ошириш сайловчиларга ваъда қилинган эди.

Йиғилишда ушбу таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарияти фармонда ўз аксини топганлиги ҳамда мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилгани O'zLiDeP фаоллари ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси учун муҳим воқелик бўлгани қайд этилди.

Депутатлар таъкидлаб ўтганлариганидек, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Шунингдек, жамият тараққиёти учун энг муҳим омил – тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади ва кенг жамоатчиликда уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ишончни сўндиради.

– Биз бугунги кунда коррупцияни қабул қилиш индексида 180 та давлат орасида 156-ўринни эгаллаб турибмиз, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O'zLiDeP фракцияси аъзоси Бобур Бекмуродов. – Яъни, охирги 25 таликка кирганмиз. Афсуски, Мозамбик, Уганда, Гвинея каби давлатлар, Туркманистондан ташқари барча қўшниларимиз биздан яхшироқ бўлган позицияни эгаллаб турибди. Маълумки, Собиқ иттифоқ таркибига кирган давлатлар орасида бу борада рейтингини энг тез яхшилай олган Грузия бугунги кунда кўплаб Европа давлатлари қаторида 42-ўринда турибди. Бунда айнан антикоррупцион ислоҳотларнинг роли ва аҳамияти катта. Уларда ҳам ушбу ислоҳотлар даврида Антикоррупцион агентлик тузилган эди. Ва ушбу агентлик нафақат Грузиянинг ўзида, балки бир неча йил Европанинг энг нуфузли ташкилотлари мақомини ушлаб турди.

Янги махсус ваколатли ташкилотга осон бўлмаслиги аниқ. Чунки бир тарафдан йиллар давомида тўпланиб қолган ва одамларнинг онгига сингиб кетган иллат, иккинчи томондан “йирик балиқлар”ни ушлаш исталган давлат идораси учун мушкуллик туғдиради. Шунинг учун парламент, нодавлат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик ушбу янги ташкилотни қўллаб-қувватлаши керак. Биз парламент аъзолари ҳам бу ташкилот билан яқиндан ишлаб, кўмак беришимиз, фаолиятини ҳимоя қилишимиз лозим.

Йиғилиш сўнгида фармон ижросини таъминлашда партия ва унинг фракцияси олдида турган бошқа муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    193
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+