Коррупцияга қарши кураш умумий ишимизга айлансагина уни ўзимиздан узоқлаштира оламиз

03.07.2020, 16:19

Коррупцияга қарши кураш умумий ишимизга айлансагина уни ўзимиздан узоқлаштира оламиз

Бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири – коррупция балосидир. Бу иллатнинг вужудга келиши сабаблари ва шарт-шароитларига кўра ўта мураккаб ижтимоий ҳодиса деб баҳолаш мумкин. Шу боис унга қарши кураш ҳам ниҳоятда мураккаб кечади.

Мамлакатимизда ҳам бу борада қатор ислоҳотларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлган эди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳозирга қадар бу иллатга қарши курашишнинг ягона, яхлит тизими яратилмаган эди. Тўғри Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолият юритиб келаяпти. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича изчил иш олиб бормоқда. Шунингдек, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигида коррупцияга қарши курашувчи алоҳида тузилмалар ҳам ташкил этилган. Лекин, ўтган вақт мобайнида мавжуд идоралараро комиссия иши ўз натижадорлигини кўрсата олмади. Коррупцияга қарши тузилмаларнинг бир нечта давлат идораларида фаолият кўрсатиши бир-бирининг фаолият ва ваколатларини такрорласа, иккинчи жиҳатдан битта идорада ҳам ушбу тузилма ва тергов органининг фаолият юритиши ўз-ўзидан шу органга судлар фаолиятига таъсир этиш механизмини тақдим этади, судлар мустақиллигига путур етади, пировардида эса одил судловни тўла таъминлаш қийинлашгани ҳам бор гап. Бу эса, аҳолининг одил судловга, адолатга ишончига таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта.

Шу нуқтаи назардан Президентимиз фармонига биноан тузилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги биринчи навбатда яхлит давлат идорасини вужудга келтирди.

Бу агентлик нафақат коррупцияга қарши кураш, балки, унинг оқибатлари, келиб чиқиш омилларини бартараф этиш борасида ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатларни мувофиқлаштириб борадиган, бу иллатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий томонларини илмга таянган ҳолда ечим излайдиган ташкилот сифатида фаолият олиб боради. Яъни коррупцияни илдизига болта уриш учун оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашилади ва уларга ечим изланади. Зеро, коррупцияни фақат уни вужудга келтирувчи муаммолар ва шарт-шароитларни бартараф этиш йўли билан камайтириш ёки даражасини пасайтириш мумкин.

Шу билан бирга агентлик зиммасига қуйидаги вазифаларнинг юкланганлиги юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Хусусан, эндиликда агентлик  бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўради. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказади. Ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритади.

Бир сўз билан айтганда, коррупцияни олдини олиш нафақат янги тузилган агентликнинг, балки барчамизнинг умумий ишимизга айланиши керак. Шундагина ушбу иллатни ўзимиздан узоқлаштиришга эришамиз.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    562
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+