Депутат тадбиркорларга берган ваъдасини бажарди

07.07.2020, 15:22

Депутат тадбиркорларга берган ваъдасини бажарди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аъзолари А.Рузметов, М.Баратова ва Н.Қутлимуратовалар жорий йилнинг 15-18 июнь кунлари пандемия даврида қабул қилинган қарор ва фармонларнинг ижроси ва уни амалга оширилиши юзасидан Боғот ва Ҳазорасп туманларидаги секторлар фаолияти, ҳудудларда инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши, янги иш бошлаётган тадбиркорлар муаммоларини ўрганиб, ўз назоратига олган эдилар.

Ўзининг меҳнати, сайловолди дастури билан халқ ишончини қозонган, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни ўзининг устувор вазифаси сифатида қараган халқ ноиби Абдулла Рузметов кўплаб тадбиркорларнинг муаммоларини ижобий ҳал қилишида амалий ёрдам кўрсатди.

Ҳазорасп тумани “Овшар” маҳалласидаги 9-мактаб биноси ҳудудида якка тартибдаги тадбиркор Баходир Рўзметов замонавий болалар футбол майдончаси қуриш ишларини бошлаб юборган. Шу кунгача тадбиркор ўз ҳисобидан ушбу майдончага 100 млн сўм сармоя киритган. Тадбиркор Агробанк туман бўлими томонидан “Ҳар бир оила-тадбиркор” давлат дастури асосида 100 млн сўм имтиёзли кредит олмоқчи эканини, банкга 164 млн сўмлик гаров учун нотурар бино кўрсатганига қарамасдан ҳалигача кредит маблағи ажратилмаётгани юзасидан мурожаат қилган эди.  

Мазкур мурожаатга асосан депутат Абдулла Рузметов Агробанк АТБ Ҳазорасп бўлимига мурожаат қилди ва натижада тадбиркорга газон қуриш мақсадида резиналар ва қурилиш материаллари сотиб олиш учун 104 млн. сўм ўтказиб берилди. Эндиликда тадбиркор ажратилган кредит маблағига газон сотиб олиб, қолган ишларини ҳам давом қилдирмоқда. Қувонарлиси мазкур ўйингоҳ тез кунларда битиб, ишга туриширилиши кутилмоқда.

“Ҳазорасп Карвоншох” фермер хўжалиги раҳбари тадбиркор Қувондиқ Сайилханов эса 10,5 гектар қаровсиз ер олиб, унинг 1,3 гектар майдонида интенсив боғ, 5,5 гектар майдонида турли экинлар экиб, яна 1,5 гектар ер майдонини экин экиш ҳолатига тайёрлаган. Пандемия даврида оила аъзолари, набиралари, қўни-қўшниларини фойдали меҳнат билан банд қилиб, уларнинг моддий таъминотини яхшилашга ҳам ҳаракат қилмоқда.

Тадбиркор эндиликда қолган ерида чорвачиликни ривожлантириш ниятида. Шу мақсадда Агробанк туман бўлимига кредит асосида 30 та қўй олиш учун ҳужжатларини топширган, лекин банк томонидан ресурс йўқлиги сабаб мана неча ойдирки ҳужжатлари қабул қилинмаган. Мазкур масала ҳам депутат томонидан жойига бориб ўрганилди ва натижада Агробанк АТБ Ҳазорасп туман филиалидан 16 млн сўм маблағ ажратилди. Қолган кредити эса июль ойида ажратилиши белгиланди.

Чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига қамров даражаси жуда паст. Ўрганишларда ҳатто айрим қишлоқларда бирорта ҳам боқча йўқлигини гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Болажонларни мактабгача таълим масканларига жалб қилиш, уларнинг замонавий шароитда таълим ва тарбия олишларига кўмаклашиш мақсадида жойларда иш бошлаган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг мақсадига эришишлари, муассасани ишга туришишларига тўсқинлик қилаётган энг асосий сабаблардан бири эса имтиёзли кредит маблағларининг ўз вақтида ажратилмаётганидир.

Ҳазорасп туманида мактабгача таълим муассасаси қуришда иш бошлаган ана шундай тадбиркорлардан бири Мухаббат Қурбанова ҳам давлат хусусий шерикчилик асосида 50 ўринли мактабгача таълим ташкилотини ўз ҳисобидан қуриб, якунига етказган. 150 млн сўм миқдорида ажратилиши зарур бўлган имтиёзли кредит маблағи эса ҳалигача ажратилмаган. Бу борада тегишли ташкилотларга кўп бора мурожаат қилган, лекин фойдаси бўлмаган. Тайёр муассасани ишга туширилиши учун замонавий мебел, жиҳозлар ва бошқа турдаги анжомлар зарур. Ушбу масала ҳам депутат назаридан четда қолмади. Тайёр муассасани тезроқ ишга тушириш, ҳеч бўлмаганда битта қишлоқ болажонларига шароит яратиб беришга кўмаклашиш мақсадида банк мутасаддилари билан учрашгандан кейин тадбиркорга 150 млн сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилди.  

Ушбу масалада яна бир тадбиркор мурожаати ўрганилди. Ҳазорасп туманининг “Наврўз” маҳалласи ҳудудида бирорта ҳам боғча йўқ. Мактабгача таълим муассасаси қуриш, болажонларга таълим маскани яратиб бериш мақсадида тадбиркор Ҳамдам Ниёзметовнинг таклифига асосан масала жойига бориб ўрганилганда Давлат хусусий шерикчилик асосида боғча қуриш ниятида тадбиркорга хокимлик томонидан ер майдони ажратиб берилганлиги, бир фоизлик имтиёзли кредит олиш учун бир йил олдин барча ҳужжатларини банкка тақдим қилишига қарамасдан тадбиркорга ҳали ҳам кредит маблағи ажратилмаганлиги маълум бўлган эди.

Тадбиркор 10 млрд сўмлик лойиҳа доирасида шу ҳудудда 2 та  240 ўринли ва 100 ўринли боқча қурилишини ўз ҳисобидан бошлаб юборган. Ҳозирги кунда 240 ўринли “Озода-Шерзодбек-Наврўз” МТМ учун 5 млрд 100 млн сўмлик иш қилинган бўлса, 100 ўринли “Оғабек-Наврўз” МТМ учун 2 млрд 100 млн сўмлик ҳаражат қилиб, қурилишни якунига етказишда қийналмоқда. 150 % миқдорида гаров қўйиб уни суғурталатган. Ўтган йили ушбу 240 ўринли МТМга 4 млрд 800 млн сўмлик,  100 ўринли МТМ учун 2 млрд сўмлик имтиёзли кредит учун қарор чиққан. Жорий йилнинг июн ойига қадар жами 7 млрд 200 млн сўмлик иш қилинганлиги тегишли қурилиш ташкилотлари томонидан ҳам тасдиқланган.  

Эндиликда қурилиш учун зарур бўлган ғишт, цемент маҳсулотларини қарзга олиб бошлаган, қурувчиларга ойлик иш ҳақи бериш ҳам муаммо. Тадбиркорлигидаги барча сармояси ана шу биноларга кетиб, ўзи эса бугунги кунда қийин аҳволда турибди. Тадбиркорга 2 та МТМга жами 6 млрд 800 млн сўм имтиёзли кредит зарур.  Депутат А.Рузметов ушбу масала юзасидан Хоразм вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ирода Яқубова билан учрашганда бошқарма бошлиғи томонидан кредит билан таъминлашга кўмаклашиш юзасидан бир неча маротаба Мактабгача таълим ҳамда Молия вазирликларига мурожаат қилганлиги ҳамда ресурс маблағлари мавжуд бўлмаганлиги учун кредит маблағлари ажратилмаётганлигини маълум қилди. Депутат ушбу муаммони Олий Мажлис Қонунчилик паталасига олиб чиқишни, тегишли вазирликларга депутатлик сўрови юбориш орқали имкон қадар тадбиркорга имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашишни ўз зиммасига олди. 

Нилуфар Джаббарова

O’zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Сиёсий таълим ва партиянинг депутатлик

 бирлашмалари билан ишлаш бўлими

Сиёсий таълим сектори мудири

  • Кўрилди
    1117
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+