Ҳам аҳоли камбағалликдан чиқарилади, ҳам тадбиркору фермерга қўшимча даромад учун шароит яратилади

07.07.2020, 15:33

Ҳам аҳоли камбағалликдан чиқарилади, ҳам тадбиркору фермерга қўшимча даромад учун шароит яратилади

Сўнгги йилларда республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, муҳтарам Президентимиз томонидан қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори йўналишдаги ишларимиз учун яна бир муҳим дастур бўлди. Мазкур қарор ижросини таъминлашда, аввало, айни вақтдаги ўрганишларимизга назар ташласак.

Масалан, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги ўрганишларимиз давомида ушбу қарорда белгиланган, имтиёзлар яратилган масалаларга дуч келдик. Олтинкўл туманидаги жами 33312 та хонадонлардаги 50618 та оилада 176345 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўрганишларимиз натижасида уларнинг 2425 таси эҳтиёжманд ва камбағал деб топилди. Уларни “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 319 нафар тадбиркорлар ўз қарамоғига олдилар. Албатта, тадбиркорларни бириктиришдан асосий мақсад эҳтиёжмандларга озиқ-овқат махсулотлари етказиб беришгина эмас, балки уларнинг бандлигини таъминлашдан ҳам иборатдир. 2425 та оиладаги 1950 нафар ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш масаласида астойдил ҳаракат қилдик. Бунинг учун 125 нафар оилага субсидия асосида теплица қуриш, 72 нафар фуқарога 15-20 сотихдан боғ қатор орасидан ер бериш,  256 нафар фуқарони жамаотчилик ишларига жалб қилиш,  44 нафар фуқаро ипак қурти боқиши, 37 нафар фуқаро эчкичилик кластери, 375 нафар фуқаро фермер хўжаликларига ишга жойлаштирилиши юзасидан аниқ тизим ишлаб чиқдик. Изчил давом эттирилаётган мазкур тадбир, албатта, “Темир дафтар” ҳамда ҳар бир эҳтиёжманд оиланинг “Хонадон дафтари”ни  тўлиқ  юритиш билан амалга оширилмоқда. Хўш, бу мисолларни нима учун келтиряпман? Аввало, давлатимиз раҳбари қарорда таъкидлаган томорқа фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари худди шу муаммолар ечими билан бевосита боғлиқ. Чунончи, олдимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш муаммолари турар экан, албатта, биринчи галда серқуёш юртимиздаги ер унумдорлигидан самарали фойдаланиш имкониятлари юзага чиқади. Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш мақсадида қабул қилинган мазкур меъёрий ҳужжатда аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш бўйича алоҳида банд белгиланди. Масалан, “Сарой-2” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган "Олтинкўл водий гулшани” фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган ер майдонидан  шу махаллада яшовчи 16 та эхтиёжманд оилаларга 1.8 гектар ер майдони ажратилиб  камбағаллик дастуридан чиқариш бўйича ишлар ташкил қилинди. Эндиликда ушбу хонадонларга қарорда белгилангани бўйича “Томорқа хизмати”дан кўчат ва уруғлар етказиб берилиши таъминланиши билан бирга, уларни етиштирувчи иссиқхона, совутгичли омборхоналар қуриш учун ер майдони ажратилади. Мана имконият! Ҳам аҳолини камбағалликдан чиқарилади, ҳам тадбиркору фермерга қўшимча даромад учун шароит яратилади.

Шунингдек, қарор ижроси билан келгусида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантирилади ва тасдиқланади. Бу билан жуда кўплаб ер эгалари, фермерларнинг сув танқислиги борасидаги муаммолари ечим топади.

Бегали ҚОДИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати.

  • Кўрилди
    551
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+