Раҳимжон Ҳакимов: 20 мингга яқин қонун ҳужжатларидан атиги 2,1 фоизини қонунлар ташкил этади

15.01.2018, 10:03

Раҳимжон Ҳакимов: 20 мингга яқин қонун ҳужжатларидан атиги 2,1 фоизини қонунлар ташкил этади

“Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни қуйидан — фуқаролардан, жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларидан олиш тартибини кенг жорий этиш зарур. Қонунларни қабул қилиш жараёнида уларни аҳоли ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланишимиз керак”.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида қайд этилган бу сўзлар Қонунчилик палатаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, “ўлик” қонунлар пайдо бўлишининг олдини олишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Айни пайтда мазкур Мурожаатномада қатъий қўйилган чора-тадбирлар ижросига жиддий киришилди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида яқинда ташкил этилган Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ўз фаолиятида устувор вазифаларни белгилаб олди. Булар нималардан иборат? Хўш, ушбу институт Олий Мажлисга келаётган турли таклифларни чуқур таҳлил қиладиган, таъбир жоиз бўлса, элакдан ўтказадиган илмий марказга айлана оладими? Мухбиримиз бу ҳақда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар номзоди Раҳимжон ҲАКИМОВнинг фикрлари билан қизиқди.  

— Дарҳақиқат, Президентимиз Мурожаатномасида парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги камчилик ва нуқсонлар асосли танқид қилинди. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил қилинган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти зиммасига айни чоғда бир неча йўналишдаги вазифалар юклатилди. 

Таъкидлаш жоизки, институт, энг аввало, қонунчилик муаммоларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини, яъни қонунларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилаётганини ўрганади, Олий Мажлис палаталарининг фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди.  

Шунингдек,  парламент палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлайди, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашади. Мисол учун, депутат ёки сенатор буюртмасига кўра, бирор-бир соҳада кичик тадқиқот ўтказиб, тегишли муаммонинг ечимига қаратилган илмий асосланган маълумотномалар тайёрлаб беради. Ёхуд қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича берган таклифини амалга оширишда методик, амалий кўмак кўрсатади.  

Шу билан бирга, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қонунчиликни ривожлантиришнинг илмий концепцияларини ишлаб чиқади. Масалан, ҳозирги вақтда бизда аксарият кодексларнинг қабул қилинганига 20 йилдан ошди, ўтган давр мобайнида ҳаётимизда кўплаб ўзгаришлар бўлди, айниқса, Ҳаракатлар стратегиясида бир қатор долзарб вазифалар белгиланди. Булардан келиб чиқиб, миллий қонунчилигимизнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлашга қаратилган концепциялар ёки бошқача айтганда, “йўл хариталари” ишлаб чиқилади. Бугунги кунда жами 20 мингга яқин қонун ҳужжатлари мавжуд бўлиб, шундан атиги 2,1 фоизини қонунлар ташкил этади. Институт мазкур кўрсаткич салмоғини, қонунларнинг улушини ошириш, энг муҳими, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш борасида ташаббуслар билан чиқади. 

Институт ўз зиммасига юклатилган вазифалар ижросини  таъминлаш учун давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим ва илмий муассасалар, бошқа ташкилотлардан зарур бўлган ҳужжатлар, материаллар ва маълумотларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга. Илмий, ахборот-таҳлилий материалларни, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш, тадбирлар ўтказиш ҳамда институт ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни амалга ошириш учун олимлар, мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлар тузади.  Тегишли халқаро ва хорижий ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро тажриба ва ахборот алмашишни йўлга қўяди. 

Мазкур вазифаларни талаб даражасида бажаришда, табиийки, кадрлар бўйича салоҳиятимиз муҳим ўрин тутади. Бунинг учун институт таркибида стратегия ва менежмент, конституциявий ҳуқуқ ва давлат бошқаруви тадқиқоти, суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тадқиқоти, иқтисодиёт, молия ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари тадқиқоти, ижтимоий сиёсат, соғлиқни сақлаш масалалари тадқиқоти, қонунчилик назарияси ва қиёсий ҳуқуқшунослик каби бўлимлар ташкил этилган. 

Айтиш жоизки, институтнинг ҳар бир бўлими халқ билан, кенг жамоатчилик билан ишлайди, уларнинг фикрлари асосида тадқиқот ўтказади. Айни чоғда бўлимлар илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқишга қодир, билим, малака, савия ва тегишли хорижий тилларни билиш жиҳатидан ҳар томонлама етук амалиётчилар ва олимлар билан тўлдирилмоқда. 

Шубҳасиз, мазкур институт депутатлар ва сенаторларнинг, умуман, парламент фаоллиги, роли ва таъсирининг ошишига, қонунчиликни халқимизга яқинлаштиришга, қонунларнинг мукаммал, ҳаётий бўлишига, пировардида мамлакатимизнинг янада тараққий топишига хизмат қилади. 

Манба

O‘zLiDePнинг Facebook’даги расмий саҳифаси ва Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    1667
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+